"Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақидаги" Ҳукумат қарори (194-сон, 31.03.2025 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарори (https://lex.uz/docs/6884060) билан тасдиқланган 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига ўзгартириш ва қўшимча киритилди.
Унга кўра, ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг ошиши муддати 1 апрелдан 1 майга кўчирилди.
Шунингдек, 201 кВт·соатдан 1000 кВт·соатгача бўлган дифференциаллашган тариф бўйича истеъмол миқдори орасига янги миқдор киритилди. Яъни 2025 йил 1 майдан истеъмолчилар 201 кВт·соатдан 500 кВт·соатгача бўлган янги миқдор оралиғида ҳар бир киловатт·соат учун 800 сўмдан тўлайди.
Аввалги тартибга кўра, 201 кВт·соатдан 1000 кВт·соатгача бўлган қисми учун 900 сўмдан ҳақ тўланган.
Мисол учун, бир ойда ўртача 500 кВт·соат миқдорида электр энергияси сарфлайдиган хонадон вакиллари бунинг учун 2025 йил 1 майгача 360 минг сўм тўлашган (200 кВт·соат базавий норма учун 90 минг сўм, 201 кВт·соатдан 500 кВт·соат учун 270 минг сўм). Тариф ўзгаришларидан сўнг бир ойда ўртача 500 кВт·соат ток ишлатадиган хонадон бунинг учун 360 минг сўм тўлайди (200 кВт·соат базавий норма учун 120 минг сўм, 201 кВт·соатдан 500 кВт·соат учун 240 минг сўм). Яъни улар учун нарх ошаётгани йўқ.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилади.