Камбағал оилалар қўллаб-қувватланади
2025 йил 1 июндан бошлаб “қизил” тоифага киритилган оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқийдиган талаба қизларига Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан базавий стипендиянинг икки баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади. Бу ҳақда президентнинг “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб:
- қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса фақат Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кўрсатилади;
- давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, “қизил” тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланади.
- камбағал оилалар “қизил” ёки “сариқ” тоифадан “яшил” тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ўн икки ой муддатга сақлаб қолинади;
- “қизил” тоифага киритилган оилаларга пассив даромад келтирувчи қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Ҳайдовчилар учун енгилликлар
Ўзбекистон президенти топшириғи билан, ҳайдовчиларга енгиллик яратишга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинганди. Қарорда келтирилган айрим ўзгаришлар 2025 йил 1 июндан ишга тушади.
- Жумладан, 2025 йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини автоматлаштирилган фото-видео қайд этиш мосламалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” бундан мустасно.
- Ҳайдовчи чизиқни босиб олса, бу қоидабузарлик фоторадар ёки видеокамера орқали қайд этилмайди, демак, автоматик равишда жарима ёзилмайди. Лекин ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади.
- Шунингдек, 2025 йил 1 июндан бошлаб, шаҳарларда автомобил йўлларини таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 7:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга йўл қўйилмайди. Дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги ошади
2025 йил 8 май куни президентнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинганди.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди. Бунда:
- субсидия сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилиш харажатларини қоплаш учун ажратилади;
- жисмоний шахсларга ҳамроҳлик хизматини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўрсатишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 июндан бошлаб “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри юритилади, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумоти ва меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.
Электрон реестр маълумотлари масъул давлат органларининг электрон дастурлари асосида реал вақт режимида шакллантирилади. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари электрон реестрга киритилган шахсларнинг бандлик ҳолатини мониторинг қилади.
Хитойга визасиз борса бўлади
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим (Ченду, 2024 йил 1 декабр) 2025 йил 1 июндан эътиборан кучга киради.
Битим Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг икки давлат ҳудудига ўзаро визасиз сафарларига доир масалаларни тартибга солади.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати 30 кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади.
Бунда икки давлат фуқаролари давлатлари ҳудудига ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги лозим. Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолишлари керак бўлса, улар кириш визасини олдиндан олишлари лозим.
Визасиз режим меҳнат фаолияти, ўқиш ва медиа фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, бошқа Томон ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Кўрсатилган битим Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига ташриф буюришга нисбатан амал қилмайди.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилади
Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2025 йил 1 июндан ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилади.
Дастур доирасида қуйидаги 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади:
- уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати;
- уй шароитида қараб туриш хизмати;
- тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати;
- кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати;
- шахсий ёрдамчи хизмати.
Дастур доирасидаги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш харажатларининг бир қисми ваучер асосида қоплаб берилади.
Ваучер қиймати Ҳукумат томонидан белгиланган миқдорда субсидия шаклида тўланади.
Ваучер бериш ва унинг қийматини тўлаш “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги “Оила ҳамкори” платформаси орқали амалга оширилади.
Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига катта мукофот берилади
2025 йил 1 июндан нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдори 5 бараварга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикаси президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Бугунги кунда энг нуфузли олимпиадада 1-ўринни олган ўқувчига БҲМнинг 500 баробари (187,5 млн сўм), халқаро олимпиада ғолибига БҲМнинг 150 баробари (56,25 млн сўм), минтақавий олимпиада ғолибига эса БҲМнинг 12 баробари (4,5 млн сўм) миқдорида пул мукофоти берилади.
Эндиликда энг нуфузли олимпиадаларда (масалан, IMO – математика, IBO – биология, IChO – кимё, IPhO – физика, IOI – информатика) ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчиларга қуйидагича мукофот пуллари берилади:
- 1-ўрин: 937 млн 500 минг сўм (2500 баравар);
- 2-ўрин: 562 млн 500 минг сўм (1500 баравар);
- 3-ўрин: 375 млн сўм (1000 баравар).
Шунингдек, нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун уй-жой жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб, ўн йил муддатга БҲМ 2150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
Бошқа ўзгаришлар
2025 йил 1 июндан бошлаб:
- ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади ва ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;
- таълим ташкилотларидаги ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари — ҳарбий чақириққача тайёргарлик раҳбари лавозими тугатилиб, штат бирликлари Мудофаа вазирлигига ўтказилади ва ушбу штат бирликлари ҳисобидан ЧҚБТ раҳбари лавозими жорий этилади;
- Давлат чегараси орқали автомобил ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг электрон навбат тизими жорий этилади;
- махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган импорт хомашё, материал ва бутловчи қисмларни божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўламаган ҳолда «товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштириш орқали уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
- «Ўзбекконцерт» ДМ томонидан Реестр юритилади ва унда жонли ижро этувчи шахсларнинг лицензияси рақами ва берилган санаси, унинг ижро этган асарлари, тадбирлардаги иштироки ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади;
- Баҳрайн Қироллиги, Кувайт давлати ва Ўмон султонлиги фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланади;
- ягона миллий туристик платформа орқали меҳмонхона банд қилганлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмай, бунинг ўрнига MylD тизимида идентификациядан ўтган ҳолда меҳмонхонага киришига рухсат берилади;
- хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 200 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади;
- марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд ҳудудларда янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, маъмурий бинолар, ижтимоий соҳа муассасалари, саноат ва тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларининг иссиқлик тармоқларига уланиши мажбурий ҳисобланади;
- таълим жараёнларини бошқариш ва автоматлаштириш бўйича халқаро стандартлар ва технологияларни жорий этиш орқали «Рақамли институт» платформаси яратилиб, унда юридик кадрларга ўз касбий ривожланиш эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган малака ошириш шакллари ва дастурларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш имконияти яратилади;
- молиялаштириш манбаларидан қатъи назар қурилишда техник шартлар олиниши талаб қилинадиган бино-иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда ушбу объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида биноларнинг ўз эҳтиёжлари учун қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (қуёш панеллари ва шу кабилар) ва муқобил иссиқлик тизимлари (гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари ва шу кабилар) ҳамда энергия тежовчи ускуналарни мажбурий ўрнатиш талаби киритилади.