Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 1 июлдан Ўзбекистонда жорий этиладиган эскроу тизими янги уй-жойлар нархини кескин ошириши ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.
Усмонов тизим улушли қурилиш иштирокчиларининг ҳуқуқлари, уй-жой сотиб олувчиларнинг пуллари кафолатли ҳимояланишини қайд этди.
Улуш киритиш фақат нотариал тасдиқланган ва кадастр рўйхатидан ўтказилган шартномалар асосида амалга оширилади. Кадастр расмийлаштирилуви улушдор, яъни сотиб олувчига талаб қилиш ҳуқуқини беради.
Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари эскроу тизими қандай ишлашини тушунтирди. Эндиликда, ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлган фуқаро, унга ўз маблағларини тикса, улушдорга айланади. Бунинг учун қурувчига эмас, балки банкка тўлов қилади.
Улушдорнинг пуллари алоҳида эскроу ҳисобварағида йиғилиб борилади. Уй битмагунча қурувчи компания бу пуллардан фойдалана олмайди. Турар жойни эса ўз маблағлари ёки банк кредити асосида қуриб битказади.
Улушли шартнома орқали девелопер кўрсатилган уйни қуриб, ўз вақтида топшириш мажбуриятини олади. Банк эса улушдорнинг пул маблағлари эскроу ҳисобварағида йиғилиши, хавфсиз сақланиши, шунингдек, уй-жой қурилишини лойиҳавий молиялаштиришни амалга оширади. “Бу билан уй-жойни ўз вақтида сифатли қуриб, эгасига етказиб беришни кафолатлайди”, — дейди Усмонов.
Эскроу тизими доирасида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида уй-жойлар қурилиши бўйича ягона шаффоф электрон платформа яратилди. Бу тизим 1 июлдан ишга туширилиб, у орқали девелоперлар уй-жойни рўйхатга қўйишлари керак бўлади, акс ҳолда аҳоли маблағларини улуш киритиш асосида жалб қила олмайди.
“Мазкур тизим максимал даражада инсон омилидан чекланиб, барчаси интеграция асосида ишлаб чиқиляпти. Девелопер объектни платформага киритгач, банк томонидан уйни ўз вақтида қура олиш имкониятлари ўрганилади. Қурилиш жараёнида ишнинг бажарилиш графиги назорат қилиб борилади. Лойиҳавий молиялаштиришдан кўзланган мақсад ҳам шу”, — дейди Саидносир Усмонов.
Электрон платформада қурувчи компания ва объект ҳақидаги барча маълумотлар, хусусан, объектнинг лойиҳа бўйича жойлашган аниқ манзили, қаватлари, кириш йўлаклари, компаниянинг лойиҳавий ҳужжатлари, ижобий экспертиза хулосаси, қурилиш бошланадиган сана ва фойдаланишга топшириш муддати кабилар бўлади.
Харидорлар ҳам платформа орқали қурувчининг рухсатномаси мавжудлиги, рейтинги ва олдинги лойиҳалари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади. Вазирлик ушбу тизим уй-жой қурилиши бозоридаги инвестициялар хавфсизлиги ва ишончли девелоперлар бозорининг шаклланишига хизмат қилишини кутмоқда.
Шунингдек, Қурилиш вазирлиги янги тартиб билан мамлакатда девелопер-қурувчиларнинг янги шаффоф рейтинги шаклланишини қайд этди.
Эскроу ҳисобварағида жамланган маблағлар кўпайиши билан девелоперларга лойиҳавий молиялаштириш доирасида амалдаги ставкаларга нисбатан анча пастроқ ставкада маблағлар ажратилади. “Бу эса эскроу тизими жорий этилгач янги уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетади деган маълумотларни инкор этади”, — дейди Усмонов.
Қурилиш битиб, харидор хонадонни қабул қилгач, унинг банк ҳисобварағидаги пуллари девелопер ташкилотга йўналтирилади. Қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, бу пул фуқарога тўлиқ миқдорда қайтариб берилади. “Яъни, уй битмай қолса, харидор куйиб қолмайди, банкка қўйган пулларини муаммосиз қайтариб олади”.
Фуқароларнинг уй-жой учун тўлаган пуллари ҳар томонлама ҳимояланади. Хусусан, президентнинг тегишли фармони билан эскроу ҳисобварағига йўналтирилган пул маблағларини тўхтатиб қўйиш ёки ҳисобдан чиқариш ҳамда мажбурий ижрога қаратиш таъқиқланади.
Бундан ташқари, харидор шартномани белгиланган тартибда расмийлаштириб, кадастр органларида рўйхатга олинганидан сўнг, фуқаро мазкур улушни уй битмаган бўлса ҳам мулк сифатида хадя қилиши, сотиши ёки бошқа бир шахсга васият қилиб қолдириши мумкин.
Уулушли қурилиш соҳасидаги мазкур янги тартиб йил охиригача ихтиёрий бўлади, 2026 йилдан бошлаб қурилишда маблағларни жалб қилиш фақат эскроу ҳисобварағи орқали амалга оширилади. Шу тарзда, янги қурилаётган уйларнинг вақтида эгаларига топширилиши устидан назорат таъминланади.