1 июлдан бошлаб йўловчилар паспорт ёки ID-карта ушбу ҳужжатларнинг электрон вариантини кўрсатишлари мумкин. Бироқ, скриншотлар, фотосуратлар ва қоғоз нусхалари қабул қилинмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 1 июлдан бошлаб йўловчилар маҳаллий йўналишлардаги парвозларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон вариантидан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади, дея хабар берди Uzbekistan airports Матбуот хизмати.
Аэропортда рўйхатдан ўтишдан олдин йўловчи my.gov.uz сайти/мобил иловаси ёки “Ижтимоий карта” мобил иловасидаги шахсий кабинетига кириб, шахсий маълумотлар саҳифасига ўтади ва электрон шаклда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни рўйхатдан ўтиш жойидаги ходимга кўрсатади.
Шуни таъкидлаш лозимки, фақат my.gov.uz сайти/мобил иловаси ёки “Ижтимоий карта” мобил иловасидаги жорий маълумотлар шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади, шунинг учун рўйхатдан ўтиш пайтида шу каби ҳужжатларнинг нусхалари, фотосуратлари, паспорт/ID'нинг сканерланган вариантлари ёки шахсий маълумотлар бўлган веб-сайт саҳифасининг "скриншот"лари қабул қилинмайди.