Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ипотека кредитларининг янги тартиби белгиланди

  • 08.02.2021
  • 3523 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (05.02.2021 й.) билан "Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди.

► Низомга кўра, Молия вазирлиги томонидан банкларга ажратиладиган маблағлар ва банклар томонидан қарз олувчиларга бериладиган ипотека кредитлари:

  • 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга бозор (фоиз) ставкасида ажратилади;
  • улар учун аннуитет тўловлар тартиби татбиқ этилади ва имтиёзли давр белгиланмайди;
  • фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда ўзгаришсиз қолади.

► Мазкур низом қоидалари:

  • шаҳар ва қишлоқ жойларда қурилган бирламчи уй-жой бозорида кўп квартирали уйлардаги квартираларни сотиб олишда;
  • Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида 2020 йил 1 майгача умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (қайта қуриш) учун ипотека кредитларини ажратишда қўлланилади.

► Шунга кўра, банклар ва қарз олувчиларга нисбатан мувофиқлик мезонлари ва уларга маблағлар ажратиш тартиби белгиланди.

► Фуқароларга ипотека кредити банклар томонидан: 

  • бозор ставкасида;
  • 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
  • бошланғич бадали тажриба ўтказилаётган вилоятларда якка тартибда қурилаётган уй-жой қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
  • сотиб олинадиган квартира қийматининг қишлоқ жойларда камида 10 фоизи, шаҳарларда камида 20 фоизи миқдорида;
  • қишлоқ жойларда ва шаҳарларда – 1 ва 2 хонали квартиралар учун 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 320 млн сўмгача;
  • Тошкент шаҳрида – 1 ва 2 хонали квартиралар учун 264 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 352 млн сўмгача берилади.

Мазкур тартиб якка тартибдаги уй-жой қурлишига рухсат олиб, лекин кейинчалик бирламчи бозорда сотиш мақсадида қурилган кўп квартирали уйлардаги квартираларни ипотека кредитлари орқали сотишга татбиқ этилмайди.

Chat