Ҳукумат қарори (524-сон, 20.08.2025 й.) билан “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ( Агентлик) тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларининг мақоми, асосий вазифалари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, спорт мактабларида спорт турлари бўйича 5 — 11-синфларда таълим берилади.
Гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабига талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, 7 — 11 ёшдаги ўқувчи-спортчиларни 1 — 4-синфларга ўқишга қабул қилишга рухсат этилади.
Таълим жараёни ўқувчи-спортчилар сони 12 - 24 нафаргача бўлган синфларда ташкил этилади.
Ўқувчи-спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини ошириш мақсадида қишки таътилда 15 кун, ёзги таътилда 45 кун, жами 60 кунлик ўқув-машқ йиғинлари ўтказилади.
Спорт мактабларининг 9-синф битирувчиларига давлат намунасидаги шаҳодатнома, 11-синф битирувчиларига тегишли спорт турлари бўйича диплом ҳамда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати берилади.