Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлиги оширилади

  • 12.09.2025
  • 79 марта ўқилди

“Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–163-сон, 10.09.2025 й.) қабул қилинди. 

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

► ёшлар муаммолари билан индивидуал ва манзилли ишлаш орқали ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлигини ошириш;

► ёшларнинг касбий қизиқишларини барвақт аниқлаш орқали меҳнат бозорига рақобатбардош кадр сифатида кириб боришини таъминлаш.

Фармонга кўра, қуйидагилар маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг асосий вазифалари этиб белгиланди, жумладан:

► ёшларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш, жамият учун фойдали лойиҳаларни маҳалла даражасида амалга ошириш;

► ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, “Беш ташаббус олимпиадаси”ни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;

► меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини кучайтириш орқали бандлигига кўмаклашиш;

► “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга кўрсатиладиган ёрдамнинг ижтимоий ҳамкорлик тамойилига асосланишини таъминлаш.

Ушбу асосий вазифаларга боғлиқ бўлмаган бошқа вазифа ва топшириқларни ёшлар етакчилари зиммасига юклаш тақиқланади.


Фармонга кўра“Маҳалла еттилиги” ва таълим муассасалари ўртасида ёшлар, жумладан, умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик қилиш тизими жорий этилади.

Мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳар ой синф раҳбари ва мактаб психологи билан хулқ-атворида мураккабликлар кузатилган ўқувчилар ўртасида хорижий тиллар, касбларни ўрганиш ҳамда меҳнат фаолиятига қизиқиш билдирганларини аниқлайди.

Ушбу ўқувчиларнинг рўйхати шакллантирилиб, ёшлар етакчиси ва маҳалла раисига тақдим этилади.

Ёшлар етакчилари маҳалла ҳудудидаги мураббийлар, касб эгалари ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчилар учун устозлик тизимини йўлга қўяди.

Маҳалла раислари ёшларнинг фанларни ўрганиши, ахборот технологияларини ўзлаштириши, китобхонлик, спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича ташаббуслар ишлаб чиқади.


Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралгача “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформалари негизида қуйидаги имкониятларга эга бўлган “Ёшлар ягона электрон платформаси” ахборот тизими яратилади, жумладан:

♦ ёшларнинг демографик ва ижтимоий ҳолати, бандлиги, таълим олишига оид маълумотлар асосида “Ёшлар баланси”ни шакллантириш;

♦ ёшларнинг қизиқишларини аниқлаш бўйича социологик сўровлар ўтказиш, унинг натижаларини автоматик таҳлил қилиш;

♦ ёшларга оид мавжуд имтиёз, преференция ва имкониятлар тўғрисида маълумот бериш.

2026 йил 1 февралдан “Ёшлар дафтари” жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича аризаларни тақдим этиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар ЯИДХП (my.gov.uz) ҳамда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.

2026 йилдан ҳар йили Ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши тўғрисидаги миллий маърузани эълон қилиш амалиёти жорий этилади. 

Миллий маъруза ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни арафасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан эълон қилиб борилади.

Chat