“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–172-сон, 12.09.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
♦ туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфидаги бўш турган ер участкаларини тўлиқ ҳисобга олиш ва реализация қилиш;
♦ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қайта ижарага бериш тизимини такомиллаштириш.
Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижарачиларига ер участкаларининг бир қисмига нисбатан ижара шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) ҳуқуқи берилади.
Мазкур ерлар эгалари ва фойдаланувчиларига ер участкаларига бўлган эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқларини халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарори асосида ижара ҳуқуқига ўзгартириш имконияти берилади.
Бунда ерга эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ижара ҳуқуқига ўтказилганда ижара муддати қуйидагича этиб белгиланди:
♦ Ўзбекистон фуқаролари ва улар муассислигидаги юридик шахслар учун – 30 йил;
♦ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун – 25 йил.