Ҳужжатларнинг оригинал нусхалари сканер қилинган ҳолда автоматлаштирилган «Нотариус» ахборот тизимига юкланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ:
2025 йил 1 декабрдан бошлаб, республика ҳудудида нотариал тарзда тасдиқланган никоҳ шартномаларининг оригинал нусхаларини нотариуслар томонидан талаб қилиш бекор қилинади. Бу автоматлаштирилган «Нотариус» ахборот тизимига ушбу ҳужжатларнинг нусхаларини мажбурий юклаш тартибининг жорий этилиши орқали амалга оширилади.
Шу билан бирга, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини аудио ва видео ёзувлар орқали қайд этиш ва ушбу файлларни нотариал ҳаракатларга бевосита бириктириш ҳамда тизимда сақлаш имконияти яратилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг оригиналини нотариусга тақдим этиш талаби бекор қилинади.
Фуқароларнинг шахсияти замонавий ахборот технологиялари орқали, шахсни тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари асосида аниқланади ва биометрик маълумотлар (бармоқ излари ва Face-ID) орқали верификация қилинади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб, кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун автоматлаштирилган тизим орқали юборилади.
Кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг, унинг янги эгаси ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик равишда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.