Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилади

  • 06.10.2025
  • 40 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (606-сон, 27.09.2025 й.) билан “Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисида” ҳамда “Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисида”ги низомлар тасдиқланди.

Низомларга кўра, мукофот ғолибларини аниқлаш учун ҳар 2 йилда 1 маротаба танлов ўтказилади.

Мукофотлар билан режиссура ва драматургия соҳаларида фаол ижод қилаётган режиссёр ва драматурглар театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади. 

Ғолибларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида 1 марталик пул мукофоти ҳамда диплом ва статуэткалар берилади. 

Ижодкорларни мукофотлар билан тақдирлаш бўйича таклифлар тегишли ташкилотлар томонидан Маданият вазирлигига тақдим этилади.

Маданият вазирлиги номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқиб, танлов ўтказилаётган йилнинг 1 февралигача тегишли комиссияга тақдим этади. 

Комиссия 1 мартгача номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳар бир мукофот бўйича энг муносиб 1 нафардан номзод бўйича якуний қарор қабул қилади.

Мукофотлар 27 март – Халқаро театр куни арафасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ёки унинг тегишли ўринбосари томонидан тантанали тарзда топширилади. 
 

Chat