Шу кунларда "Мадад" ННТ вакилларининг Буюк Британияга амалий ташрифи давом этмоқда.
Ташриф давомида бугун Муассаса раҳбарияти ва масъул ходимлари "Citizens Advice Westminster" ноҳукумат ташкилотининг вакиллари билан ўзаро учрашув ўтказди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад - аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишда томонларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш ва тарафлар ўртасида тажриба алмашиш ҳисобланади.
Учрашувда томонлар фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмлари, ушбу фаолиятга волонтёрлар (кўнгиллилар)ни жалб этиш масалалари ва аҳолига ҳуқуқий ахборотни тезкор ва сифатли етказишда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш борасидаги тажрибалар билан ўртоқлашдилар.
Мулоқот чоҳида "Citizens Advice Westminster" ташкилотининг аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимидаги ёндашувлари, хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд қатлам вакиллари: кексалар ва ногиронлариги бўлган шахслар учун йўналтирилган лойиҳалари “Мадад” ННТ вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, учрашувда келгусида томонлар ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро тажриба алмашинув дастурларини доимий йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Эслатиб ўтамиз, ташриф давомида “Мадад” ННТ вакиллари Буюк Британияда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган бир қатор ташкилотларнинг фаолияти билан танишишни режалаштирган бўлиб, ушбу ташрифлар мамлакатимизда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишда "Мадад" ННТнинг фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.