Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимида Британия тажрибаси

  • 15.10.2025
  • 87 марта ўқилди

Аввал хабар берганимиздек айни кунларда "Мадад" ННТ раҳбарият ва масъул ходимларининг Буюк Британияга амалий ташрифи давом этмоқда. Ташриф давомида бугун Муассаса вакиллари "Citizens Advice Harrow" ноҳукумат ташкилотнинг ходимлари билан ўзаро учрашув ўтказди. 

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад - Британияда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган "Citizens Advice" ноҳукумат ташкилоти ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларнинг бой тажрибаларини ўрганиш ҳисобланади. 

Ташриф доирасида бўлиб ўтган учрашувда "Citizens Advice Harrow" ноҳукумат ташкилотининг фаолияти, уларнинг фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш амалиёти, ташкилот томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш ва судгача бўлган жараёнларда аҳолига ҳуқуқий кўмак кўрсатиш каби асосий фаолият йўналишлари муҳокама қилинди. 

Мулоқот чоғида Муассаса ижрочи директори Ш.Саидов томонидан аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишда Британия тажрибасини мукаммал ўрганиш Ўзбекистонда ушбу тизимни такомиллаштириш, жумладан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳуқуқий ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

"Citizens Advice" ноҳукумат ташиклоти бутун мамлакат бўйлаб кенг тармоққа эга бўлиб, ташкилотнинг ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан "Citizens Advice Harrow" ташкилоти маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда фаолият юритади. Ташкилотда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимида ҳуқуқшунослар билан бир қаторда волонтёрлар (кўнгиллилар) ҳам фаол иштирок этиши — тизимнинг самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, ташриф давомида “Мадад” ННТ вакиллари Буюк Британияда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган бир қатор ташкилотларнинг фаолияти билан танишишни режалаштирган бўлиб, ушбу ташрифлар мамлакатимизда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишда "Мадад" ННТнинг фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Chat