Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Махсус комиссия қарорига изоҳ берди

  • 03.02.2022
  • 655 марта ўқилди

Маълумки, республика махсус комиссияси қарорига асосан, 2022 йил 7 февралдан бошлаб барча таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилиши эълон қилинган эди.

Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда турли хил талқин қилиниб, кенг жамоатчилик, айниқса талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари орасида айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Талабаларга қулайлик яратиш, доимий яшаш ҳудудидан таълим муассасаларига хавфсиз, тирбандликларсиз етиб келишлари, жойларда авиа ва темир йўл чипталарини алмаштиришдаги ноқулайликларнинг олдини олиш ҳамда талабаларнинг ижара уйлари ва ётоқхоналарига ортиқча қийинчиликларсиз жойлашишларини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анаънавий шаклга ўтказилади. Бу оралиқдаги дарс машғулотлари ҳам масофавий, ҳам анъанавий шаклда олиб борилади.

Бу жараён ҳар бир олий таълим муассасасининг ички имкониятлари, ўқув жараёнининг ҳозирги ҳолати, мавжуд шарт-шароитларини инобатга олган ҳолда алоҳида режа-график асосида амалга оширилади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳар бир таълим масканининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали бериб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 24 февралдан бошлаб ўқув юртларида таълим жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклда олиб борилишини маълум қилади.

Chat