Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлиги: илғор тажриба ва истиқболдаги режалар

  • 21.10.2025
  • 55 марта ўқилди

Маълумки, мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш юзасидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлардаги фаол иштироки боис фуқаролик жамияти институтларининг роли тобора юксалиб бораётгани кузатилмоқда. Бунда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган “Мадад” ННТ билан Буюк Британиянинг шу соҳада илғор тажрибага эга “Citizens Advice” ташкилоти ўртасида 2019 йилда йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзаро ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 13-17 октябрь кунлари “Мадад” ННТ маъсул ходимларидан иборат делегация аъзолари тажриба алмашиш, аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ижобий тажрибаларини ўрганиш, илғор жиҳатларини ташкилот фаолиятига татбиқ этиш ҳамда келажакда истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалаларини муҳокама қилиш мақсадида Буюк Британияга амалий ташриф буюришди.


Ташриф доирасида “Мадад” ННТ вакиллари дастлаб “Age UK Hertfordshire” ташкилоти фаолияти билан яқиндан танишишди. Мазкур ташкилот Буюк Британияда кекса авлод вакилларига юридик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий ҳамда психологик кўмаклашиш борасида етакчи ташкилотлардан ҳисобланади. Учрашувда томонлар кексалар учун ҳар иккала мамлакатда белгиланган имтиёзлар, уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар, ушбу фаолиятга волонтёрликни жалб этиш амалиёти ҳамда ижтимоий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашишди. Учрашув якунида келгусида Ўзбекистонда кекса авлод вакилларига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзолаш ҳақида келишувга эришилди.

Шунингдек, ташриф доирасида “VMC Consulting” компаниясидаги учрашувда шу ташкилот раҳбари Д.Маршалл билан ўтказилган музокаралар давомида фуқаролик жамияти институтлари томонидан ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, уларни молиялаштириш ва бошқариш механизмлари бўйича семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир давомида Буюк Британияда ННТларга молиявий ёрдам кўрсатишнинг самарали усуллари, давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув якунида тарафлар ўртасида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, “Citizens Advice Westminster” ташкилотида ўтказилган учрашувда ҳуқуқий ахборотни тарқатишда замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва бепул ҳуқуқий маслаҳатни онлайн платформа орқали тақдим этиш тўғрисида фикр алмашилди.

Изоҳ: Мазкур ташкилот Буюк Британия бўйлаб истеъмолчилар ҳуқуқлари, ер ва мол-мулк, солиқ, оила ҳуқуқи, миграция ва бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатадиган етакчи нодавлат ташкилоти бўлиб, 33 та давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ва барча соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатади.

Амалий ташрифнинг яна бир муҳим учрашуви маҳаллий “Citizens Advice Harrow” ташкилоти фаолияти билан танишиш бўлди. Мазкур ташкилот Иккинчи жаҳон уруши йилларида ташкил этилган бўлиб, 80 йиллик тарихга эга. Энг муҳими, ташкилот ходимлари ҳуқуқнинг турли соҳалари бўйича махсус тайёргарлик курсларидан ўтганлиги, 2023-2024 йиллар давомида улар томонидан 23 447 нафар фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатилганлиги, улардан 15878 нафарининг муаммолари ижобий ҳал қилинганлиги, натижада 12,750,143 фунт стерлинг миқдорида давлат маблағи тежалганлиги бу ташкилот мамлакатда самарали фаолият кўрсатиб келаётганлигидан далолат беради.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш ўринлики, “Мадад” ННТ томонидан Буюк Британияга амалга оширилган ташриф самарали кечганлиги, тарафлар ўртасида ўтказилган учрашувларда муҳокама қилинган масалалар, билдирилган таклифлар ва тавсиялар ҳар иккала томон учун фойдали бўлиб, фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, бундай хизмат имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ фаолиятга илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш билан бирга, жамиятда ижтимоий адолат, ҳуқуқий тенглик ва аҳоли фаровонлиги йўлида фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Шу сабабли, ташриф давомида ўрганилган илғор тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:

  • аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш жараёнига волонтёрлар (кўнгиллилар) гуруҳи аъзоларини янада кенг жалб этиш орқали Буюк Британия тажрибасида кенг қўлланилаётган ушбу тажриба Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқий хизматларни оммавий ташкил этиш ва самарали амалга оширишга хизмат қилади;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш учун ҳуқуқий ахборотни тарқатишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланишни ривожлантириб, фуқароларга юридик ёрдам кўрсатишни онлайн платформа, чат-ботлар ва мобил иловалар орқали тақдим этиш уларга кўрсатилаётган хизматлар доирасини янада кенгайтириш имкониятини таъминлайди;
  • Буюк Британиянинг “Citizens Advice” ташкилоти тажрибасидаги сингари ҳар бир маҳаллий ҳудуд аҳолисининг бепул юридик хизматга бўлган эҳтиёжини ўрганиш натижасида ҳар бир ҳудудда ҳуқуқий маслаҳат бюроларини ташкил этиш орқали аҳолининг бепул юридик ёрдам олишга эҳтиёж сезаётган барча қатламларни қамраб олиш имкони яратилади;
  • аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ҳуқуқшунос мутахассислар учун Британиядаги каби махсус тайёргарлик дастурларини амалиётга жорий этиш орқали улар учун таълим ва малака ошириш курсларини йўлга қўйиш лозим.

 

“Мадад” ННТ 
матбуот котиби Ш.Мажидов

Chat