Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятига қўшимча ваколатлар берилмоқда

  • 22.10.2025
  • 75 марта ўқилди

“Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–302-сон, 14.10.2025 й.) қабул қилинди. 

Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

♦ 160 та “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш, уларда штатларни эгилувчан бошқариш тизимини жорий қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

♦ Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларининг 50 фоизини 2026 йилда давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш;

♦ “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида 141 та туманда камида 3,5 минг гектар ер майдонида ўқув дала-шийпонларини ташкил этиш.

Сув етказиб бериш хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида, уларга қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди, жумладан:

▪️ молиявий ҳолатдан келиб чиқиб ҳамда мавсумга қараб мустақил равишда штат бирликлари сонини белгилаш;

▪️ сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан моддий-техник базани мустаҳкамлаш.

Кооператив ташкил этилгандан сўнг янги ҳисобот йилидан бошлаб “Дўстлик тумани сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг вазифа ва функциялари Кооперативга ўтказилади.

Chat