Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Туризм қўмитаси ташкил этилиб, стартаплар қўллаб-қувватланади ва хизматлар проактив кўрсатилади

  • 24.11.2025
  • 69 марта ўқилди
“Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–348-сон, 19.11.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

♦ туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш;

♦ чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 млндан 20 млнгача етказиш.

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси туризм соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

2026–2028 йилларда қуйидаги лойиҳа ва чора-тадбирлар амалга оширилади:

≈ Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича “Самарқанднинг мерос йўли” лойиҳаси;

≈ Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва “ақлли” музей-шаҳарга айлантириш.

Туристик стартаплар учун субсидия ажратилади

Қарорга кўра, жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларини савдо-кўнгилочар мажмуаларга жалб қилиш ҳамда шаҳарлар четларида миллий архитектура услубига асосланган замонавий аутлет марказлари ташкил этилади:

♦ 1-босқичда (2030 йилгача) – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида;

♦ 2-босқичда (2030 йилдан бошлаб) – туристик салоҳияти юқори бўлган бошқа аҳоли пунктларида.

 2026 йил 1 февралдан чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган ҚҚС суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.

2026 йил 1 мартдан:

♦ туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади;

♦ меҳмонхоналарнинг Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Миллий туризм ягона платформаси орқали айрим туристик хизматлар проактив шаклда кўрсатилади

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан халқаро конференция ва тадбирларни ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорларга улар томонидан тўланган ҚҚСнинг 50 фоизи қайтариб берилади.

2026 йил 1 июлдан ишга тушириладиган Миллий туризм ягона платформаси ва унинг мобил иловаси орқали:

♦ хорижий туристларнинг розилиги асосида Давлат чегарасини кесиб ўтишда йиғиладиган маълумотларни интеграция қилган ҳолда туристик электрон SIM-карта билан улаш ва вақтинча бўлиш жойи бўйича рўйхатга олиш проактив шаклда амалга оширилади;

♦ транспортнинг барча турлари интеграция қилинган ҳолда саёҳат йўналишини тузиш, энг мақбул йўналиш ва транспорт турини танлаш, чипталарни онлайн банд қилиш ва сотиб олиш имконияти яратилади;

♦ чипта хўжалиги жорий қилинган барча туризм объектлари, шу жумладан, музей, маданий мерос объектлари, маданият, кўнгилочар ва дам олиш объектларига билетларни онлайн сотиб олиш имкониятига эга бўлган ягона чипта тизими жорий қилинади;

♦ экскурсиялар ўтказиш учун интерактив харита, планшет, аудиоёрдамчи, видеоёрдамчи ҳамда онлайн трансляциялар воситасида туристик объектлар ҳақида ахборот бериш имконини берувчи рақамли гид тизими ишга туширилади.

Chat