Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Судьялар эндиликда дастлаб 5 йил, кейинчалик муддатсиз даврга сайланади

  • 25.11.2025
  • 90 марта ўқилди
“Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–227-сон, 24.11.2025 й.) қабул қилинди. 

Фармонга кўра,  судьяларни навбатдаги 10 йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилинади. 

Судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб 5 йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланади. 

Туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади.

Судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.

Шунингдек, Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади. 

Бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин.

Судьялар олий кенгаши раисига қўшимча ваколатлар берилади

Фармонга кўра, Судьялар ҳамжамияти органларининг мустақиллигини ошириш мақсадида Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Кенгаш раисига, унинг конституциявий мақомидан келиб чиқиб, қуйидаги ваколатлар берилади:

► судьяларга нисбатан малака ҳайъатлари томонидан интизомий иш асоссиз тугатилган ёки интизомий жазо содир этилган қилмишга мос эмас деб топилганда, малака ҳайъатларининг қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш;

► Кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш.

2025 йил 15 декабргача Кенгашнинг расмий веб-сайтида қуйидагилар очиқ эълон қилиб борилади:

▪️ суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби;

▪️ суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар.

Суд мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилади

Фармонга кўра, судьялик лавозимларига номзодлардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида “Рақамли ҳукумат” тизими Кенгашнинг ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилинади.

Кенгаш мажлисларида ёпиқ овоз бериш ва қарор қабул қилиш жараёнларига рақамли технологиялар жорий этилади.

Шунингдек, судьяга нисбатан интизомий жазо қўллаш тизимини шаффоф ва адолатли қилиш бўйича қуйидагилар жорий этилади:

♦ судьяга нисбатан интизомий иш кўриб чиқишда унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини тақдим этиш;

♦ қуйи судьялик лавозимига ўтказиш интизомий жазо чорасини жорий этиш;

♦ интизомий жазо амалда бўлган вақтда юқори судьялик лавозимига тавсия этилмаслик;

♦ судьяни интизомий жавобгарликка тортиш асосларининг аниқ мезонларини белгилаш.

Бундан ташқари, судьялар корпусида гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Кенгашнинг Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда ҳар йили заруратга қараб Кенгаш томонидан хотин-қизлар учун квота белгиланади.

Chat