Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлатнинг айрим АЖлардаги «олтин акция» ҳуқуқи бекор қилинди

  • 01.04.2022
  • 560 марта ўқилди

Ўзбекистонда стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи — «олтин акция» бекор қилинмоқда. Қолаверса, энди унитар корхонада кузатув кенгаши ташкил этилиши ва у корхона бошқарув органи бўлиши мумкин. Кенгаш аъзоларининг ваколат муддати эса 3 йилгача узайтирилди.

  • Президент 29 март куни корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги [ЎРҚ-760-сонли] қонунни имзолади.
  1. Ҳужжатга кўра, эндиликда мамлакат иқтисодиётида устувор аҳамиятга эга стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи бўлмайди. Мазкур «олтин акция»га оид нормалар қонунчиликдан чиқариб ташланди.
  2. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, унитар корхонада кузатув кенгаши ташкил этилиши ва кенгаш корхонанинг бошқарув органи бўлиши мумкин.
  3. Шунингдек, акциядорлик жамияти кузатув кенгаши аъзоларининг ваколати 1 йилдан 3 йилга узайтирилди.
  4. Қолаверса, юридик шахсларнинг устав фондида камида 5 фоиз улушга эга бўлган иштирокчилар ва акциядорлар аудиторлик текширувининг буюртмачилари бўлиши мумкинлиги белгиланди. Илгари 10 фоиз эди.

Қонун расман эълон қилинган (30 март санасидан) кундан кучга кирди.

Chat