“Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–250-сон, 17.12.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда:
► божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади;
► божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди.
2026 йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.
Қуйидагилар бўйича божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаганда, божхона юк декларациялари автоматик расмийлаштирувдан ўтказилади:
▪️ йирик солиқ тўловчи ташкилотлар, давлат ташкилотлари
ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан импорт қилинаётган ташқи савдо юклари;
▪️ тариф ва нотариф чекловлар татбиқ этилмайдиган экспорт қилинаётган юклар.
Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларини эгаллаган ваколатли иқтисодий операторларга қўшимча қуйидаги имкониятлар тақдим этилади:
► божхона тўловлари ва солиқларни қайтариш, ўзаро ҳисобга олишда соддалаштирилган тартиботларни жорий этиш;
► товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби қайта ишлаш операцияларида қайта ишлаш учун рухсатнома талаб қилмаслик.
Фармонга кўра, Чегара қўшинлари томонидан шахсларни паспорт назоратидан ўтказишда қуйидаги асосларга кўра божхона органларини хабардор этиш йўлга қўйилади:
► божхона органлари ахборот тизимида шахснинг божхона назоратидаги автотранспорт мавжудлиги тўғрисида маълумот бўлса;
► шахс божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги ёки бузиш хавфи мавжуд бўлса.
2026 йил 1 июндан:
► тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
► божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.
2026 йил 1 июлдан божхона аудити доирасида:
➖ аудит ўтказилиши режалаштирилган тадбиркорга йўл қўйган камчиликлари тўғрисида олдиндан хабар берган ҳолда тадбиркорнинг ўзи томонидан уларни бартараф этиш имкониятини берувчи “маслаҳатчи аудитор” тамойили йўлга қўйилади;
➖ божхона органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган божхона назорати натижалари тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини аниқлашда инобатга олинади.
Фармонга кўра, 2028 йил 1 январдан божхона соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий жарималарни қўллаш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 майдан ташқи савдога оид нотариф тартиботларни белгилашнинг қуйидаги шаффоф механизми жорий этилади:
► тақиқ ва чекловлар реестри юритилади, уларни ўрнатишдан камида 3 ой олдин “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида эълон қилинади;
► ваколатли давлат идоралари, уларнинг қуйи ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ҳар бир турдаги хизматлар учун йиғимлар (тўловлар) миқдори ва калькуляцияси “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида эълон қилинади;
► мазкур талабларга риоя этилмасдан ўрнатилган тақиқ ва чекловлар, йиғимлар ижрога қаратилмайди.
2026 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:
► мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришда ҳужжатларни мажбурий тарзда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси текширувидан ўтказиш;
► сертификатлаш органларида белгиланган тартибда даврий баҳолаш ўтказмасдан туриб Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан уларни электрон тизимдан узиб қўйиш;
► мувофиқлик сертификати беришни рад этиш тўғрисидаги қарор мавжуд бўлмаганда ҳамда хорижий давлатлар маълумотлари асосида маҳсулотларни сертификатлаш жараёнига чеклов ва тақиқ ўрнатиш.