Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартиби белгиланди ва медиаторларнинг касб этикаси қоидалари тасдиқланди

  • 06.01.2026
  • 101 марта ўқилди
Медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартиби белгиланди

Адлия вазирлиги Медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3740, 05.01.2026 й.).

✅ Унга кўра, медиаторлар статистика маълумотларини ҳар чорак учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-санасигача ҳудудий адлия органларига тақдим этади.

Бунда, статистика маълумотларини тақдим этиш муддатининг сўнгги куни дам олиш ёки ишланмайдиган байрам куни ёхуд бошқа ишланмайдиган кунга тўғри келганда, тақдим этиш муддати кейинги иш кунига узайтирилади.

✔️ Статистика маълумотларида хато ва камчиликлар аниқланганда медиаторлар шу куннинг ўзида мазкур хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳақида хабардор қилинади.

Ҳудудий адлия органлари статистика маълумотларини умумлаштиради ва ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай Адлия вазирлигига тақдим этади.

Адлия вазирлиги тақдим этилган статистика маълумотларини умумлаштиради ва вазирликнинг расмий веб-сайтига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай жойлаштиради.

Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари тасдиқланди

Адлия вазирлиги Медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3741, 05.01.2025 й.).

Унга кўра, медиаторлар:

▪️ касб этикаси қоидаларига риоя қилиши, медиаторлик фаолиятини ҳалол ва виждонан бажариши, медиаторларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини сақлаши;

▪️ ўз фаолиятини махфийлик, ихтиёрийлик, медиация тарафларининг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторларнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга ошириши;

▪️ медиация тарафларининг медиация жараёнида тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаши лозим.

✔️ Шунингдек, медиаторлар медиация тарафлари билан муносабатларда:

тарафларга медиациянинг мақсади ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

медиацияни ўтказиш тартиби ҳақида маълумот бериши;

тарафларга касбий малакаси ва иш тажрибаси тўғрисида ишончли маълумот бериши;

тарафларга нисбатан ҳурмат ва хушмуомалалик кўрсатиши;

тарафларни низони ҳал қилишнинг мақбул вариантларини излашга ундаши;

музокаралар натижасини бир тарафнинг фойдасига кўзлаб иш олиб бормаслиги лозим.

Chat