Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентдаги экологик жиҳатдан хавфли 87 та корхона шаҳардан ташқарига кўчирилади

  • 19.01.2026
  • 35 марта ўқилди
Тошкент шаҳридан ташқарига кўчириладиган саноат корхоналари рўйхати тузилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар қилди.

Президентнинг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонига мувофиқ, мамлакатда экологик жиҳатдан хавфли ва энергия сарфи юқори бўлган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳамда уларни босқичма-босқич шаҳарлар ташқарисига кўчириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжатда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларидан асбест ва цемент саноати, чарм-пойабзал ҳамда паррандачилик ишлаб чиқаришлари, қора ва рангли металлургия, шунингдек, энергия истеъмоли юқори бўлган бошқа тармоқларга мансуб корхоналарни кўчириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолияти ушбу талабларга мос келадиган 87 та корхона мавжуд бўлиб, уларни кўчириш мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мувофиқлаштириш шарти билан босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида махсус комиссия томонидан саноат объектларида доимий равишда рейд текширувлари ўтказилмоқда. Жумладан, экологик хавфлиликнинг I тоифасига мансуб объект ҳисобланган иккиламчи рангли металларни йиғиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ўзвторсветмет” АЖ фаолияти тўхтатилиб, Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчириладиган бўлди.

2025 йил октябрь ойида ўтказилган текширув натижаларига кўра, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланган. Корхонага мажбурий кўрсатма берилиб, етказилган экологик зарар учун 18 миллиард 91 миллион 717 минг 137 сўм миқдорида компенсация ҳисобланди. Компенсация тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобидан эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилинади ҳамда корхона фаолиятини замонавий экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган, технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналарда давом эттиради.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида йилига ўртача 226,7 тонна зарарли моддалар атмосферага чиқарилишининг олди олиниши кутилмоқда. Бу эса Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ҳаво сифатининг сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

Chat