Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда 1 февралдан тезюрар поезд билетлари нархи яна кўтарилади

  • 19.01.2026
  • 24 марта ўқилди
1 февралдан бошлаб айрим маҳаллий поезд чипталари нархи яна кўтарилади. Хусусан, «Афросиёб» электропоезди ва «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари билетлари 15 фоизга ошади.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 1 февралдан мамлакат ичида қатор йўловчи поездлари билетлари нархи оширилишини эълон қилди.

Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари ва «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» йўловчи поездлари чипта нархлари 15% га кўтарилади.

Хусусан, «Афросиёб» учун янгиланган чипта нархлари қуйидагича бўлади:

Тошкент — Бухоро

  • ВИП — 1 138 000 сўм (ҳозир 875 минг сўм);
  • Бизнес — 760 000 сўм (661 минг сўм);
  • Эконом — 509 000 сўм (443 минг сўм).

Тошкент — Қарши

  • ВИП — 976 000 сўм (751 минг сўм);
  • Бизнес — 642 000 сўм (558 минг сўм);
  • Эконом — 429 000 сўм (372 минг сўм).

Тошкент — Самарқанд

  • ВИП — 709 000 сўм (545 минг сўм);
  • Бизнес — 455 000 сўм (396 минг сўм);
  • Эконом — 311 000 сўм (270 минг сўм).

Компаниянинг доимгидек қайд этишича, «Афросиёб» нархлари юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари ошгани, электр энергияси ва эксплуатация харажатларининг кўпайгани, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни давом эттириш зарурати, электропоездлар инфратузилмасини сақлаш ва доимий модернизация қилиш ишлари ҳамда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида оширилмоқда.

Маълумот учун, юқоридаги поезд нархлари охирги марта бир йил аввал — 2025 йил 1 февралдан бошлаб ўзгарганди. Ўшанда «Афросиёб» билетлари 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» билетлари 30 фоизга, ётоқли поездларники эса 10,5 фоизга кўтарилган.

2023 йил 10 октябрдаги президентнинг темирйўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилишга оид қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда йўловчи ташиш хизматлари учун давлат тарифлари бошқаруви амалиёти тугатилган ва уларни бозор тамойиллари асосида бошқариш механизми жорий этилган.

Chat