Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури жорий этилади

  • 26.01.2026
  • 134 марта ўқилди

“Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–20-сон, 20.01.2026 й.) қабул қилинди.


Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан халқаро дастурлар (“Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke”) асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури (Миллий дастур) ҳудудларда босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Миллий дастур доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий қилинади, жумладан:

► бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида йилига 1 марта мақсадли тиббий текширувлар ўтказилади;

► туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларида туну кун фаолият юритувчи инфаркт ва инсульт бригадалари фаолияти йўлга қўйилади;

► халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник маршрутлари (clinical pathways) ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади;

► тез тиббий ёрдам бригадалари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга телеметрик электрокардиограф ҳамда мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади.

 Тиббий хизматлар вақт меъёрларига қатъий риоя этган ҳолда кўрсатилади


Қарорга кўра, Миллий дастур доирасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизматлар халқаро стандартларга мувофиқ вақт меъёрларига қатъий риоя этган ҳолда кўрсатилиши таъминланади. Бунда:

► ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларга чалинган беморларга “олтин соат” тамойили асосида шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш ташкил қилинади;

► тез тиббий ёрдам хизмати томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар алгоритми ва беморнинг ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатувчи муассасагача бўлган клиник маршрути вақт меъёрлари асосида ташкил қилинади;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ҳамда стационар тиббиёт муассасалари томонидан аҳолини мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ва беморларнинг клиник маршрутларини ташкил қилишда вақт меъёрлари инобатга олинади.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “Ҳозироқ ҳаракатлан – ҳаётни сақлаб қол!” мавзусида ижтимоий роликлар намойиш қилинади.

Ҳар йили 29 сентябрь – Бутунжаҳон юрак куни ҳамда 29 октябрь –Бутунжаҳон инсультга қарши курашиш куни муносабати билан қон босими, қанд ва холестерин миқдорини ўлчаш, инфаркт ва инсультда тез ёрдам кўрсатиш бўйича аҳолининг саводхонлигини оширишга қаратилган оммавий тадбирлар ўтказилади.

2026 йил 1 мартдан республика тиббиёт марказлари мутахассислари ҳамда хорижий экспертлардан иборат таркибда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилади.

Chat