Халқ депутатлари Миробод тумани Кенгаши раҳбарияти ва вакиллари “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотига ташриф буюрди. Ташриф доирасида аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумга мувофиқ, томонлар аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, сайёр қабуллар ташкил этиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш, шунингдек ҳуқуқий тарғибот ва тушунтириш ишларини тизимли равишда амалга оширади.
Шу билан бирга, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Мадад” мутахассислари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган қўшма тадбирлар ташкил этилади.
Мазкур меморандум фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларга малакали юридик ёрдамни янада яқинлаштириш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади.