Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонликлар кибержиноятчиларга аккаунтлари ва SIM-карталарини бергани учун жазоланади

  • 13.03.2026
  • 73 марта ўқилди

Шунингдек, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги талабларни бузган юридик шахслар учун, оқибатларидан қатъи назар, жавобгарликни кучайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Кибержиноятларга қарши кураш бўйича янги чора-тадбирлар президент томонидан маъқулланди.


Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бугунги кунда мамлакатимизда интернет тармоғида ахборот тарқатиш ва маълумот излаш имкониятлари кенгаймоқда. Жумладан, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони 31 миллиондан ошган бўлиб, шундан 14 миллиони ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги олти йилда юртимизда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи кибермаконда содир этилган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.

Тақдимотда таъкидланганидек, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг кескин кўпайиб бораётгани миллий қонунчиликка шундай турдаги жиноятлар учун жазо чораларини оғирлаштириш ва кибержиноятларнинг янги шакллари учун жавобгарлик белгилаш бўйича нормаларни киритиш вақти келганини кўрсатмоқда. Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда кўплаб фуқароларга жабр келтираётган “молиявий пирамида” учун жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Фуқароларнинг ўз номларига расмийлаштирилган электрон тўлов воситалари ҳамда абонент рақамлардан фойдаланишда шахсий масъулиятини ошириш мақсадида ўз номидаги электрон тўлов воситаси, криптоҳамёни, SIM-картаси ва электрон аккаунтлардан кибержиноятни содир этишда фойдаланилишига йўл қўйганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди.

Юридик шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун оқибат келиб чиққан-чиқмаганидан қатъи назар, маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф қилинди.

Ўтган йилларда 3 та банк тизимидаги заифлик туфайли 3025 нафар мижозга 17 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Chat