Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти давомида юзага келаётган ҳуқуқий масалаларни ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбир жараёнида иштирокчилар томонидан билдирилган мурожаат ва масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакилларини қийнаб келаётган 3 та масала юзасидан ижобий ечим топилди, 1 та масала бўйича амалдаги қонунчилик нормалари асосида ҳуқуқий тушунтириш бериб ўтилди. Шу билан бирга, иштирокчилар томонидан ташкилотлар фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган 3 та таклиф ҳам билдирилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан келгусида бу каби тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Шунингдек, амалиётда кўп учраётган солиққа оид масалалар юзасидан атрофлича муҳокама юритиш мақсадида келгуси тадбирларга солиқ органлари ходимларини ҳам жалб этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар фаолияти давомида юзага келаётган айрим муаммоларни бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича амалий кўмакни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Мазкур тадбир нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида учраётган ҳуқуқий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, уларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.