Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Иссиқхоналарни Тошкентдан Сурхондарё вилоятига кўчириш чора-тадбирлари тасдиқланди

  • 14.04.2026
  • 34 марта ўқилди
Иссиқхоналарни кўчирган тадбиркорлар учун имтиёзлар кўзда тутилган, қолган хўжаликлар эса янги талаб ва чекловлар асосида ишлайди.

Аввалроқ расмийлар иссиқхона хўжаликларини Тошкентдан иқлим шароити яхши бўлган ҳудудларга кўчиришни ва пойтахтда янгиларини яратишни чеклашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳукумат қарорига кўра, шу мақсадда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида "Сурхон-Агро" эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, иссиқхона хўжаликлари кўчирилади.

Иссиқхоналарни кўчириш натижасида бўшаган ер участкаларида интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчиликни ривожлантириб, яшил боғлар ташкил этишга рухсат берилади.

Давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида иссиқхоналар фаолияти тўхтатилади ҳамда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланади.

Иссиқхоналар фаолиятини тўхтатиб, "Сурхон-Агро" ҳудудида давом эттирган тадбиркорларга халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банклари маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар 3 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача узайтирилади.

2028 йил 1 апрелга қадар "Сурхон-Агро" зонасига кўчиришда иссиқхона конструкциялари ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар компенсация қилинади.

Бундан ташқари, 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосфера учун зарарли бўлган бошқа ёқилғи турларидан фойдаланадиган янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тақиқланади.

1 августдан бошлаб мавжуд иссиқхоналар фаолияти иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши, шунингдек, шаҳарсозлик ва экологик талабларга мувофиқлаштирилиши лозим. Шу муносабат билан қуйидаги чекловлар ва оширилган тарифлар жорий этилади:

- иссиқхона хўжаликларига табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва амалдаги шартномалар бекор қилинади;

- иссиқхоналар томонидан фойдаланиладиган сув ресурслари тарифлари саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори ставкаларнинг беш баравари миқдорида ҳисобланади.

Бундан ташқари, 1 августдан бошлаб иссиқхоналарда кўмир, шифер, битум, мазут, резина, синтетик материаллар, жун толаси ва шунга ўхшаш компонентлардан фойдаланиш натижасида ҳосил бўладиган чиқиндиларни жойлаштириш учун компенсация тўловлари 20 бараварга оширилади ва экологик хулоса қайта кўриб чиқилади.

Chat