Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ногиронлик белгиланган болалар учун “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилади ва оилавий муҳитга яқин шаклдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилади

  • 28.04.2026
  • 80 марта ўқилди

Ногиронлик белгиланган болалар учун “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилади


“Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–69-сон, 27.04.2026 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, болаларнинг жисмоний-ақлий ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида комплекс ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш мақсадида 2026 йил 1 июнгача босқичма-босқич “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилади.

▶️ “Эрта аралашув” хизмати доирасида:

► ногиронлик белгиланган ёки жисмоний-ақлий ривожланишида нуқсонлари мавжуд 3 ёшгача бўлган болаларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) томонидан “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритиладиган махсус электрон реестрга киритилган нодавлат ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатилади;

► болаларга махсус педагоглар томонидан коррекцион (ривожлантирувчи) педагогик ёрдам кўрсатилади ҳамда даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари томонидан комплекс ривожлантирувчи реабилитацион машғулотлар ўтказилади.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлар билан туғилган болаларни қўшимча тиббий текширув ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Оилавий муҳитга яқин шаклдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилади


Фармонга кўра, мўътадил, оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик ёки деменция ташхиси қўйилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун оилавий муҳитга яқин шаклдаги қуйидаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатиш босқичма-босқич жорий этилади:

♦ 2026 йил 1 июнгача “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати;

♦ 2026 йил 1 сентябргача уй шароитида қараб туриш хизмати;

♦ 2026 йил 1 октябргача кичик ҳажмли “Мадад” уйи хизмати;

♦ 2026 йил 1 ноябрга қадар “Ижтимоий таътил” қисқа муддатли жойлаштириш хизмати. Бунда ушбу хизмат:

➖ кичик ҳажмли “Мадад” уйларида ташкил қилинади; 

➖ Ижтимоий реестрга киритилган руҳий ҳолати бузилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг қонуний вакили билан имзоланадиган шартномага мувофиқ 1 йилда 1 маротаба шартномада белгиланган муддатда, бироқ кўпи билан 2 ҳафта давомида кўрсатилади.

2026 йил 1 июндан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар таркибига “Инсон” марказлари ходимлари киритилади.

2026 йил 1 июндан руҳий ҳолати бузилган шахсларга васий ёки ҳомий сифатида тайинланган шахсларнинг васийлик ёки ҳомийликдаги шахслар олдидаги мажбуриятларининг бажарилиши “Инсон” маркази томонидан мониторинг қилиб борилади.

Парваришлаш нафақаси тайинланадиган шахслар тоифаси кенгайтирилади


Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан 18 ва ундан катта ёшдаги чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдорида ҳар ойда парваришлаш нафақаси берилади. 

Ногиронлиги бўлган шахслар учун “Мурувват” интернат уйлари ногиронлиги бўлган шахслар учун “Ғамхўрлик” марказлари этиб қайта номланади.

Агентлик ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилишини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилади.

2026 йил 1 майдан “Ғамхўрлик” марказларига қуйидаги тоифадаги шахслар қабул қилинади:

► Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига мувофиқ жойлаштирилиши белгиланган ногиронлиги бўлган болалар;

► оила аъзолари, шунингдек, яқин қариндошлари мавжуд бўлмаган ва ўз эгалигида тураржойга эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз ҳолатдаги тураржойда яшаётган ўзгалар парваришига муҳтож руҳий ҳолати бузилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

► юқоридаги тоифага кирмайдиган руҳий ҳолати бузилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.

“Ғамхўрлик” марказларида ижтимоий хизмат кўрсатишнинг қуйидаги янги тартиби жорий этилади:

♦ руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ёндашув асосида спорт, ижодий, эрготерапия меҳнат ва ижтимоий-маънавий терапияга жалб этиш орқали реабилитация қилинади;

♦ руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларни мустақил ҳаётга тайёрлашга қаратилган “Мураббий кузатувида” мустақил яшаш хизмати йўлга қўйилади.

Chat