Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади

  • 18.05.2022
  • 778 марта ўқилди

“Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–244-сон, 16.05.2022 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, ички ишлар органларига ўз ташаббусига кўра наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш юзасидан ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш ҳуқуқи берилди.

2023 йил 1 январдан:

  • наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади;
  • наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади.

Наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ишларни электрон тарзда судларга юбориш ва судлар томонидан уларни видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиш мумкин.

2023 йил 1 январдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари (2022 йилда 114 та, 2023–2024 йилларда 20 та) ташкил этилади.

Шунингдек, 2022 йил якунигача наркологик беморларни ихтиёрий ва мажбурий даволаш учун наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин ташкил этилади.

Chat