Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Энди боланинг туғилганлик ҳақидаги маълумотномасини онлайн олиш мумкин

  • 18.05.2026
  • 74 марта ўқилди

Маълумотномани олиш учун энди туғруқхонага мурожаат қилиш талаб этилмайди — ҳужжатни бепул онлайн юклаб олиш мумкин.


Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz сайтида боланинг туғилганлиги ҳақида маълумотнома олиш хизмати йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилдан бошлаб туғилишни рўйхатдан ўтказиш комплекс давлат хизмати тартибида амалга оширилмоқда. Туғруқхона бола ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда ФҲДЁ органларига юборади ва ҳужжат автоматик тарзда шакллантирилади.

Шу вақтгача QR-кодли маълумотномани туғруқхонадан олиш талаб этиларди. Энди эса уни my.gov.uz орқали бепул юклаб олиш мумкин.

Тартиб қуйидагича амал қилади:

• бола туғилиши ФҲДЁ бўлимида рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, онанинг my.gov.uz порталидаги шахсий кабинетига электрон хабарнома юборилади;

• фойдаланувчи my.gov.uz порталига шахсий идентификация рақами орқали (ЭРИ ёки OneID) киради;

• “Маълумотномалар” бўлимидаги “Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома” хизмати танланиб, тайёр ҳужжат юклаб олинади.

Мазкур маълумотнома гербли туғилганлик гувоҳномасига тенглаштирилади. Хизмат 2023 йил ва ундан кейин туғилган болалар учун амал қилади.

Chat