Бир марталик моддий ёрдам учун давлат бюджетидан 2 триллиондан ортиқ сўм тўлиқ банк ҳисобига ўтказилди
Қарор ва ижро
Эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, уларнинг мушкулини осон қилиш азалий одатларимиздан. Кейинги пайтда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш сиёсат даражасига кўтарилаётгани анъаналаримизга содиқликнинг ёрқин ифодаси дейиш мумкин.
Ана шундай сиёсат туфайли мамлакатимизда бундай қатлам вакилларининг оилавий ҳолати ўрганилиб, ҳар жиҳатдан кўмак бериш мақсадида улар “Темир дафтар”га киритилди. Бугунги кунда бу рўйхатга киритилган ҳар бир оила аъзолари ҳукуматимиз эътиборида ва улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Куни кеча Президентимиз томонидан яна шундай бир хайрли ишга қўл урилди. Яъни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бир марталик моддий ёрдам бериш борасида Президентимиз қарори қабул қилинди.
ЎзА мухбирининг Молия вазирлиги департаменти директори Гулнора МУРОДОВА ва бўлим бошлиғи ўринбосари Фаррух СУЛАЙМОНОВ билан суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифалар ижроси хусусида бўлди.
Ўзбекистонда инсон қадри ва халқ манфаати энг муҳим сиёсатлардан бири ҳисобланади. Президентимиз сиёсати ва ташаббуслари ҳамда эришилаётган ютуқларга бугун ҳар биримиз гувоҳмиз. Бунда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш алоҳида аҳамиятга эга соҳалардан бири. Негаки, 2016-2022 йилларда ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 2,2 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу соҳага ажратилаётган маблағлар 5 бараварга оширилиб, 10 триллион сўмга етказилди.
Ушбу қарор ҳам айнан шу қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш чоралари билан боғлиқдир. Қарорда бир марталик моддий ёрдам ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга бериш кўзда тутилган.
Маблағ бериш тартибига келсак, бу қатлам вакиллари номига очилган шахсий пластик карталарига тўлаб берилади. Ёки уларнинг истагига биноан хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига бориб, ўзлари нақд олиши ҳам мумкин.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва бошқа тижорат банклар бюджет ҳисобидан йўналтирилган пулни ведомостга асосан фуқароларимизга манзилли етказиб беришга масъулдир. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бу ишларда назорат юклатилган.
Статистик маълумотларга қараганда, истеъмол нархларининг юқорилиги бўйича Тошкент шаҳри лидер ҳисобланади. Шу жиҳатларни инобатга олиб, ушбу тарзда белгилаш маъқул деб топилди. Асосий мақсад нарх-навонинг таъсирини юмшатиш бўйича кўрилган чоралардан бири дейиш мумкин.
Бир марталик моддий ёрдам тўловлари учун Халқ банки ва тижорат банкларига Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Уч ойдан кейин ҳам фуқаро бу моддий ёрдамни олмаса, маблағ белгиланган тартибда давлат бюджетига қайтарилади.
Суҳбат чоғида Молия вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Фаррух СУЛАЙМОНОВ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини таҳлил этиш ва қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этганини таъкидлади.
Қарорнинг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, бу қарор билан 4 миллиондан зиёд фуқаро қўллаб-қуватланади. Биринчи тоифа пенсия ва нафақа олувчиларимиз 4 миллиондан ортиқ бўлса, уларнинг ҳаммасига бир марталик моддий ёрдам берилади. Улар тоифаси ва сўм миқдори ҳақида тўталадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан, бундан ташқари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақа олувчи оилаларнинг ҳар бир оила аъзосии 200 минг сўмдан тўланади. Оилада уч киши бўлса, уларнинг ҳар бирига 200 мингдан 600 минг сўм берилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақа олувчилар учун тўлов рўйхати тузилади. Бугунги кунда тўлов рўйхатлари республика бўйича тўлиқ шакллантирилган. Рўйхатлар тегишли банкларга электрон шаклда юборилган. Тўловлар учун жами маблағ Давлат бюджетидан Пенсия жамғармасига ва ҳудудларга ажратиб берилди.
Айни кунларда тўловни молиялаштириш жараёни бошланган. Бу қарорга мувофиқ 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ҳозир Пенсия жамғармаси орқали бериладиган маблағлар 1 триллион 300 миллион сўм бўлиб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали бериладиган маблағ 1 триллион сўмга яқиндир.
Суҳбатимизда айтиб ўтилганидек, Пенсия жамғармаси орқали 1 триллион сўм тегишли тижорат банкларига молиялаштирилди. 27 май куни молиялаштириш тўлиқ тугатилди. Демак, тўлов ведомостлари банкларга етказилган ва икки ҳафта муддатда тўлов жараёни якунланади. Нақд олувчиларга Халқ банки филиаллари орқали етказиб берилади. Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғинлари аралашмайди.
Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан "Саховат ва кўмак" жамғармаларига вилоят ҳокимликлари орқали ўтказилади. Бунда 43 миллиард сўм маблағ билан чекланиб қолинмайди, балки эҳтиёжманд оилалар аҳволи ўрганилиб, тизимли қўлланилади. Жорий йил май ҳолатида бу жамғармаларнинг 60 миллиард қолдиқ маблағлари мавжуд. 43 миллиард сўм эса қолдиқ маблағға қўшимчадир.
Темир дафтарга ҳам киритилмаган, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож, бир марталик моддий ёрдам олмаганлар ҳам йил давомида Молия вазирлигидан ажратилган маблағлар ва "Саховат ва кўмак" жамғармасининг қолдиқ маблағлар ҳисобига тизимли кўмаклар берилади.
Мухтасар айтганда, мазкур қарор ўзида азалий қадриятларимизни ифода этиши, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўмак бериш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш, кекса авлод вакиллари манфаатларининг ҳимоя қилинишидек эзгу амаллар билан ҳамоҳанглиги ушбу ҳужжатнинг янада аҳамиятли эканини кўрсатади.
Манба: ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.