Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда бозорлар учун ягона рақамли платформа — E-bozor ишга туширилади

  • 07.07.2026
  • 56 марта ўқилди

Платформа орқали бозорлар ва савдо мажмуаларидаги бўш савдо жойлари ҳақида маълумот олиш, маъмуриятга мурожаат юбориш, шунингдек, ягона QR-код орқали автотураргоҳ хизмати учун тўловни амалга ошириш мумкин бўлади.


Ҳукуматнинг “Бозорлар ва савдо мажмуаларини рақамлаштиришни самарали ташкил этиш, шунингдек, маиший коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 октябрга қадар синов тарзида “E-bozor” ягона рақамли платформаси жорий этилади. Тизим тўлиқ 2027 йил 1 мартга қадар ишга туширилади.

Платформада бозорлар ва савдо мажмуаларининг паспортлари, манзиллари, бўш савдо объектлари ва савдо жойлари ҳақида очиқ маълумотлар жойлаштирилади.

Шунингдек, фойдаланувчилар бозорлар ва савдо мажмуаларининг фаолияти ҳақида маълумот олишлари, маъмуриятга электрон мурожаат юборишлари ва жавоб олишлари мумкин бўлади.

“E-bozor” платформаси “Soliq” ахборот тизимлари комплекси таркибида фаолият юритади. Ҳар бир бозор ва савдо мажмуасига солиқ органлари ходимлари бириктирилади ва уларнинг иш самарадорлиги ҳар куни таҳлил қилиб борилади.

Бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудидаги ҳамда уларга туташ ҳудудлардаги автотураргоҳларда хизматлар учун тўловни ягона QR-код орқали амалга ошириш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 августдан бошлаб ихтисослаштирилган жарима майдончаларидан транспорт воситаларини чиқаришга рухсат фақат маъмурий ишни кўриб чиқаётган орган ва Мажбурий ижро бюроси томонидан “Jarima maydonchasi” ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Рухсатнома QR-код билан тасдиқланади ва электрон шаклда юборилади.

Chat