Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Абитуриентлар учун ОТМ ва йўналиш танлаш бошланди. Жараён қандай?

  • 27.07.2026
  • 41 марта ўқилди

Талабгорлар ўз балларига мос равишда олий таълим муассасаси, бакалавриат йўналиши ва таълим шаклини танлашлари мумкин.


25 июлдан бошлаб абитуриентлар олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлашни бошлади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Танлов “аввал тест — сўнг танлов” тамойили асосида амалга оширилади. Абитуриентлар тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос равишда 5 тагача ОТМ ва таълим йўналишини танлаши мумкин.

Ҳар бир йўналиш учун кундузги, кечки ёки масофавий таълим шакллари танланади. Йўналишларни бир ОТТ доирасида ҳам, турли ОТТлар кесимида ҳам танлаш имконияти мавжуд.

Танловни my.uzbmb.uz платформаси орқали амалга ошириш мумкин. “Олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул” бўлими танланиб, “Хизматдан фойдаланиш” ҳамда “ОТТ танлаш” тугмалари босилади.

Танлов устуворлиги ҳамда мавжуд бўлса, мақсадли қабул бўйича танлов белгиланади, фанлар мажмуасига мос йўналишлар ҳамда таълим шакллари танланиб, «Сақлаш» тугмаси босилади.

Телефон рақамга юборилган СМС-код киритилгач, танлов тасдиқланади ва “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади.

Вазирлик абитуриентларга танловни 8 августга қадар исталган вақтда ўзгартириш мумкинлигини эслатди. Ундан кейин киритилган маълумотларни таҳрирлаш имконияти бўлмайди.

Шунингдек, танловни амалга оширишда ўтган йилги ўтиш балларига эмас, аввало ўз натижаси, қизиқиши ва келажакдаги касбий режаларга эътибор қаратиш тавсия этилди. Танлов якунлангач шаклланадиган “Абитуриент қайд варақаси"ни юклаб олиб сақлаб қўйиш ҳам тавсия қилинди.

Chat