Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Пропискага қўйиш ва болаларга загранпаспорт олиш учун онлайн розилик бериш имкони яратилади

  • 27.07.2026
  • 39 марта ўқилди

Пропискага қўйиш ва болаларга загранпаспорт олиш учун онлайн розилик бериш имкони яратилади


Бунинг учун E-Розилик платформасини ишга тушириш таклиф этилмоқда. У орқали учинчи шахснинг розилиги талаб этиладиган хизматларда розиликни Face-ID ёки MyID орқали масофадан олиш мумкин бўлади.

Ўзбекистонда миграция хизматлари учун масофадан электрон розилик бериш тизими ишга туширилади. Ички ишлар вазирлиги бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Унга кўра, 2026 йил 1 августдан миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқа шахснинг розилиги талаб қилинадиган давлат хизматлари учун E-Розилик платформасини ишга тушириш таклиф қилинмоқда.

Янги тизим орқали фуқаронинг шахси Паспорт-виза ахборот тизимидаги Face-ID ёки MyID хизматлари ёрдамида масофадан тасдиқланади. Платформанинг бир қисми Паспорт-виза автоматлаштирилган ахборот тизими таркибида, иккинчи қисми эса Passport-visa мобил иловасида алоҳида модул сифатида ишлайди.

Унда расмийлаштирилган электрон розилик Ўзбекистон ҳудудида қоғоз шаклидаги розилик билан тенглаштирилади.

Жисмоний ва юридик шахслар платформа орқали қуйидаги давлат хизматлари учун бир марталик электрон розиликни расмийлаштириб олишлари мумкин бўлади:

— вояга етмаганларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ота-оналари ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилигини олиш;

— 15–18 ёшдаги вояга етмаганларнинг мустақил равишда чет элга чиқишларига розилик бериш;

— 16 ёшга тўлмаган болаларга ID-карта расмийлаштириш учун ота-она ёки қонуний вакилининг розилигини олиш;

— Ўзбекистон фуқаролари, хорижий фуқаролар ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар номидан миграция органларига ҳужжат топшириш ва олиш бўйича розилик бериш (фуқароликка оид маълумотномалар, фуқароликни қабул қилиш ёки ундан чиқиш, таклифнома жавоби);

— фуқароликдан чиқишда ота-она ва турмуш ўртоғидан розилик олиш;

— фуқароликни қабул қилишда фуқаролиги бўлмаган шахснинг ота-онасидан бири ёки иккаласи ҳам чет эл фуқаролари бўлган тақдирда уларнинг розилигини олиш;

— фуқаролар, хорижий фуқаролар ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганлар номидан ҳужжат топшириш ва олишда розилик бериш;

— турган жойи ёки яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш ва рўйхатдан чиқаришда уй-жой эгаси ёки манфаатдор шахсларнинг розилигини олиш;

— хорижга доимий яшаш учун чиқишда ота-она ва турмуш ўртоғининг розилигини олиш;

— хонадонда турган ёки яшаш жойи бўйича рўйхатда турувчи шахслар ҳақида маълумот (17-шакл) олишда уй-жой эгасининг розилигини олиш;

— хусусий секторда чет эл фуқароларини вақтинча рўйхатга қўйишда уй-жой эгасининг розилигини олиш;

— банк тақиқи мавжуд бўлган уй-жойга яшаш ёки турган жой бўйича рўйхатга олиш учун банк розилигини олиш ва бошқалар.

Электрон розиликни Passport-visa мобил иловаси орқали расмийлаштириш учун БҲМнинг 50 фоизи (206 минг сўм), миграция бўлимига шахсан мурожаат қилинганда эса БҲМнинг 30 фоизи (123 600 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Тўланган йиғимнинг асосий қисми ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолиятини ривожлантириш жамғармасига, қолган қисми эса давлат бюджетига йўналтирилади.

Хизматдан фойдаланишда розилик берувчи E-Розилик платформасида рўйхатдан ўтиб, электрон талабномани тўлдиради. Шахс Face-ID орқали тасдиқлангач, тизим электрон розиликни автоматик шакллантиради. Розилик олувчи бу ҳақда мобил иловадаги шахсий кабинет ёки SMS орқали хабардор қилинади.

Электрон розилик 1 ойгача амал қилади. Давлат хизматлари кўрсатилаётганда унинг мавжудлиги ахборот тизими орқали автоматик текширилади. Розилик берувчи давлат хизмати кўрсатилгунига қадар исталган вақтда электрон розиликни бекор қилиши мумкин, бироқ бунинг учун тўланган йиғим қайтарилмайди.

Қарор лойиҳасига кўра, ИИВ платформани ишлаб чиқиш, жорий этиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, Адлия вазирлиги эса Vakolat.uz платформаси билан интеграцияни йўлга қўйиши белгиланган. Лойиҳа бўйича муҳокамалар 5 августга қадар давом этади.

Chat