Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича “оилабай” ишлаш тизими жорий этилади. Бунда ижтимоий ходим томонидан:
♦ ота-онага болани таълим ва ижтимоий хизматларга жалб этиш бўйича амалий кўмак кўрсатиб борилади;
♦ боланинг таълим ва ижтимоий хизматлардан фойдаланаётганлиги доимий равишда мониторинг қилиб борилади, заруратга кўра бошқа ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш чоралари кўрилади.
► 3–18 ёшдаги болаларнинг алоҳида таълимга эҳтиёжини аниқлаш ва давлат таълим муассасаларига йўналтириш “Инсон” марказларининг Болани комплекс баҳолаш гуруҳи (баҳолаш гуруҳи) томонидан амалга оширилади. Бунда:
♦ баҳолаш гуруҳи томонидан 3–18 ёшдаги боланинг таълимга эҳтиёжини баҳолаш психологик-педагогик диагностик мезонлар асосида
♦ функционал имконияти, кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини баҳолаш эса ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида амалга оширилади;
♦ баҳолаш гуруҳи фаолияти 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Навоий ва Хоразм вилоятларида йўлга қўйилади.