Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича “оилабай” ишлаш тизими жорий этилади. Бунда ижтимоий ходим томонидан:
♦ ота-онага болани таълим ва ижтимоий хизматларга жалб этиш бўйича амалий кўмак кўрсатиб борилади;
♦ боланинг таълим ва ижтимоий хизматлардан фойдаланаётганлиги доимий равишда мониторинг қилиб борилади, заруратга кўра бошқа ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш чоралари кўрилади.
3–18 ёшдаги болаларнинг алоҳида таълимга эҳтиёжини аниқлаш ва давлат таълим муассасаларига йўналтириш “Инсон” марказларининг Болани комплекс баҳолаш гуруҳи (баҳолаш гуруҳи) томонидан амалга оширилади. Бунда:
♦ баҳолаш гуруҳи томонидан 3–18 ёшдаги боланинг таълимга эҳтиёжини баҳолаш психологик-педагогик диагностик мезонлар асосида;
♦ функционал имконияти, кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини баҳолаш эса ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида амалга оширилади;
♦ баҳолаш гуруҳи фаолияти 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Навоий ва Хоразм вилоятларида йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 майдан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида таълим олишига кўмаклашувчи замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.
2027/2028 ўқув йилидан ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳони ва ногиронлиги бўлган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий сертификат олиш бўйича имтиҳон (синов)да:
➖ белгиланган вақт меъёрининг 50 фоизи миқдорида қўшимча вақт берилади ҳамда Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади;
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (ихтисослаштирилган муассасалар)да ўқитиш боланинг индивидуал таълимга эҳтиёжлари, функционал имкониятлари ҳамда ўзлаштириш даражасига мувофиқ ишлаб чиқиладиган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.
2026 йил 1 сентябрдан коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим оладиган ҳар бир ўқувчи учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:
► Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари;
вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида БҲМнинг 9,5 баравари;
► бошқа туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 8,5 баравари.
Қарорга кўра, ҳар йили қуйидаги тадбирлар ўтказиб борилади:
нодавлат нотижорат ташкилотлар билан бирга ўтказиладиган “Имкониятлар олимпиадаси” (Abilympics) танлови. Танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиб ва совриндорларига БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача 1 марталик пул мукофоти берилади;
“Ўсиш ва ривожланиш” (UPSHIFT) танлови. Бунда танлов ғолибларига БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача грант ажратилади ҳамда уларнинг лойиҳаларини барқарор ривожлантириш учун кўнгилли маслаҳатчи-менторлар орқали комплекс маслаҳат ва ҳамроҳлик хизматлари кўрсатилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб:
давлат олий таълим ташкилотларида мақсадли қабул асосида эшитишида нуқсони бўлган болаларга хорижий тилларни ўргатувчи ўқитувчи-педагог тайёрлаш йўлга қўйилади;
олий таълим ташкилотларида бошланғич синф ўқитувчиси мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабаларга махсус педагогика фанлари чуқурлаштирилган дастурлар асосида ўқитилади;
махсус педагогика йўналиши бўйича қабул кўрсаткичлари Агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб махсус педагогларнинг малака ошириш курслари Агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида онлайн ёки офлайн шаклда амалга оширилади.