Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасидаги ишларни такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Маълум қилинишича, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд фуқароларни «Ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Эндиликда нафақат аҳолининг даромадлари, балки сурункали касалликлар, ногиронлик, кўп фарзандлилик, шунингдек, оила аъзоларидан бирининг хорижда ишлаши каби омиллар ҳам ҳисобга олинади. Бунинг учун кўп ўлчовли баҳолаш тизими жорий этилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача камайган. Шу билан бирга, уч ёшгача фарзанди бўлган оилалар орасида бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
«Фарзандини парвариш қилаётган ота-оналарнинг уйида ёки маҳалласида ишлаб, даромад топишига имкон берадиган тизим яратамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.