Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ердан бошқа мақсадларда фойдаланилганда кадастр органлари ер эгасини хабардор қилган ҳолда судга ариза киритиши мумкин

  • 08.06.2022
  • 577 марта ўқилди

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–775, 06.06.2022 й.) билан амалдаги 20 дан зиёд қонун, жумладан 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ер кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов якунларини тасдиқлаш ваколати чиқариб ташланди.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма берилади (илгари гувоҳнома).

Шунингдек, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органлари ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан хабардор қилгандан кейин ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланди.

Бўш турган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари фермер хўжалигини юритиш учун очиқ электрон танлов орқали берилади (илгари очиқ танлов асосида).

Деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкаларини бериш тартиби фуқароларга якка тартибдаги боғдорчилик, полизчилик ва чорвачилик учун ер участкаларини ажратишга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларнинг электрон онлайн-аукционлар воситасида ер участкаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланади.

Chat