Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Жамоат хавфсизлиги университетида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади

  • 04.09.2026
  • 69 марта ўқилди

2026/2027 ўқув йилидан Жамоат хавфсизлиги университетида қабул квоталари оширилади, янги таълим йўналишлари жорий этилади ҳамда дуал таълим тизими йўлга қўйилади.

Президентнинг 2026 йил 26 августдаги ПҚ–302-сон қарорига мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан Жамоат хавфсизлиги университетида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ҳамда қўриқлаш фаолияти йўналишларида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади.

Қабул квоталари

Университетнинг йиллик қабул квоталари:

  • бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида 600 нафар курсантгача;
  • масофавий таълим шаклида 300 нафар тингловчигача оширилади.

Бунда қабул квоталарининг тўртдан уч қисми Ички ишлар вазирлиги тизими учун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашга ажратилади.

Ички ишлар вазирлиги тизими учун қабул квоталари ва мутахассисликлар тақсимоти ички ишлар органларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади.

Таълим йўналишлари

Бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида қуйидаги йўналишларда кадрлар тайёрланади:

  • «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти»;
  • «Жамоат тартибини сақлаш фаолияти»;
  • «Йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолияти»;
  • «Қўриқлаш фаолияти».

Масофавий таълим шаклида эса «Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш» йўналиши бўйича таълим ташкил этилади.

Ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида 5 йиллик амалий хизмат стажига эга ходимлари ва ҳарбий хизматчилари магистратуранинг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш» мутахассислиги бўйича ўқитилади.

Таълим шакллари ва молиялаштириш

Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун мутахассислар кундузги таълим шаклида давлат гранти асосида тайёрланади.

Масофавий таълим шаклида:

  • Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг олий маълумотга эга бўлмаган ҳарбий хизматчилари ва ходимлари — давлат гранти асосида;
  • олий маълумотга эга ҳарбий хизматчилар ва ходимлар — тўлов-контракт асосида ўқитилади.

Кадрларни умумфуқаровий асосда тайёрлаш кундузги, кечки ва масофавий таълим шаклларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Дуал таълим тизими

Университетда дуал таълим тизими жорий этилади.

Ҳар бир курсант ва тингловчига ўқишни бошлаганидан уни тамомлагунга қадар бир нафар тажрибали амалиётчи-мутахассис ментор-тьютор сифатида бириктирилади.

Олимпиадалар ва битирувчилар мониторинги

Ҳар йили олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари курсантлари ўртасида «Ҳуқуқшунослик» фан олимпиадаси ўтказилади.

Ғолибларга халқаро олимпиадаларда иштирок этиш имконияти берилади.

Университет таълим жараёнининг сифат кўрсаткичлари ва келгусидаги стратегияси битирувчиларнинг 5 йил давомидаги касбий ўсиши ҳамда хизмат самарадорлиги мониторинги натижалари асосида белгиланади.

Шунингдек, ҳар йили профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, докторантлар ва магистрлардан камида 30 нафари хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш, стажировка ва тажриба алмашиш учун юборилади.

Chat