Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Кредит қарзини ундиришда картада камида 680 минг сўм қолдириш таклиф этилмоқда

  • 07.09.2026
  • 51 марта ўқилди

Марказий банк кредит қарздорлигини ундиришда мижознинг банк карталаридаги маблағларни тўлиқ ечиб олишни чеклашни таклиф қилмоқда. Янги тартибга кўра, мижоз ҳисобларида камида 680 минг сўм сақланиб қолиши керак бўлади.


Марказий банк кредит ёки кафиллик бўйича қарздорликни ундиришда мижознинг барча банк карталаридан маблағларни тўлиқ ечиб олиш имкониятини чеклашни таклиф қилмоқда. Тегишли лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатга кўра, кредит ёки кафиллик бўйича тўловлар мижознинг топшириғисиз ундирилганда, банк унинг барча банк карталари ҳисобларида энг кам иш ҳақининг ярми миқдорида маблағ қолдириши керак бўлади.

Ҳозирда энг кам иш ҳақи 1 млн 360 минг сўмни ташкил этади. Унинг ярми — 680 минг сўм. Демак, қарз ундирилганда мижоз карталарида камида 680 минг сўм қолиши лозим.

Ушбу талаб шартномада мажбурий реквизитлари кўрсатилган ва/ёки қарздорлик бўйича тўловларни ундириш учун банкнинг мобил иловасига уланган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзгаришларни банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларда тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ UZCARD автоматик акцептсиз ечиб олиш хизматидан фойдаланиш шартларини ўзгартирган эди. Унга кўра, 15 апрелдан қарздорликни ундиришда банклар мижоз картасида камида 3 БҲМ миқдоридаги камайтирилмайдиган қолдиқни сақлаши керак.

Бироқ ушбу қоида фақат UZCARD тўлов тизими доирасида амал қилади ҳамда мижоз банкка мустақил равишда тақдим этган ва OTP-код орқали тасдиқлаган карта реквизитларига нисбатан қўлланилмайди.

Марказий банк энди бундай чекловни тижорат банклари учун умумий норматив талаб сифатида белгилашни таклиф қилмоқда.

Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 14 сентябрга қадар давом этади.

Chat