Президентнинг ПҚ–314-сон қарори билан ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятида янги ишлаш тизими жорий этилмоқда. Унда профилактика инспекторлари, патруль-пост, қўриқлаш ва йўл-патруль хизматларининг айрим вазифа ҳамда ваколатлари кенгайтирилган.
Профилактика инспекторлари биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича огоҳлантириш жазосини қўллаши мумкин бўлади. Шунингдек, улар маҳалла кўча ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ 4 турдаги ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга бўлади.
Бундан ташқари, профилактика инспекторлари туман ёки шаҳар ички ишлар органи бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ваколатида бўлган 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини ҳам кўриб чиқиши мумкин бўлади.
Инспекторларнинг иш самарадорлигини баҳолашда аҳолининг уларга бўлган ишончи, хавф гуруҳидаги шахслар билан боғлиқ жиноятлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатлари асосий мезонлардан бўлади. Шу билан бирга, аҳоли овоз бериши орқали профилактика инспекторига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси» билдириш механизми ҳам жорий этилади.
Янги тартибга кўра, профилактика инспекторига касбий вазифаларидан ташқари қўшимча топшириқлар юклашга йўл қўйилмайди. Унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун эса маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Қарор билан патруль-пост ва қўриқлаш хизматларига ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида айрим ваколатлар берилади. Улар чорраҳалар, бозорлар, йирик савдо мажмуалари, таълим муассасалари атрофи ва марказий кўчаларда юзага келган тирбандликларни бартараф этишда иштирок этади.
2026 йил 1 ноябрдан патруль-пост ва қўриқлаш хизмати нарядлари «112» тизими орқали келган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларга тезкор етиб бориш амалиётини бошлайди. Бу тартиб аҳоли хонадонларида содир бўлган ҳолатларга ҳам татбиқ этилади.
Йўл-патруль хизмати ходимларининг ваколати ҳам кенгайтирилади. Улар кўча ва жамоат жойларида тартибга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳуқуқбузарларни таъқиб қилиш, ушлаш ва ички ишлар органларига олиб бориш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, ЙПХ ходимлари белгиланмаган жойга қаттиқ маиший ёки қурилиш чиқиндиларини ташлаш, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш ҳамда жамоат жойида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш билан боғлиқ айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиб, жазо қўллаши мумкин бўлади.
Янги тизимда асосий мақсад турли хизматлар ўртасидаги қатъий чегарани қисқартириб, жиноят, ҳуқуқбузарлик ёки хавфли вазиятга жойнинг ўзида тезкор муносабат билдириш имкониятини кенгайтиришдан иборат.