Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Сиэтлда Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси расман очилди

  • 08.09.2026
  • 49 марта ўқилди

АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси расман иш бошлади. У Тинч океани шимоли-ғарбий минтақасидаги Ўзбекистоннинг биринчи консуллик муассасаси бўлди.


Бош консулхонанинг расмий очилиш маросими 4 сентябрь куни бўлиб ўтди. Муассаса амалда жорий йил март ойидан буён фаолият юритиб келаётган эди.

Янги дипломатик ваколатхонанинг асосий вазифаларидан бири АҚШнинг ғарбий қисмида яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ва ватандошларга консуллик хизматларини яқинлаштириш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришдан иборат.

Сиэтлдаги Бош консулхона савдо, инвестиция, технология, таълим ва халқлараро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Муассасага дипломат Ахрор Бурхонов раҳбарлик қилмоқда. У бунга қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби сифатида ишлаган, шунингдек, мамлакатнинг АҚШдаги элчихонасида дипломатик фаолият олиб борган.

Сиэтлда консуллик очилиши Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик иштирокини кенгайтириш бўйича каттароқ режанинг бир қисми ҳисобланади. Филадельфия, Чикаго ва Орландо шаҳарларида ҳам консуллик муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу чоралар АҚШ–Ўзбекистон Бизнес ва инвестиция кенгашини ташкил этиш бўйича қабул қилинган Президент ҳужжати билан боғлиқ.

Сиэтлдаги муассаса очилгунга қадар Ўзбекистоннинг АҚШдаги асосий дипломатик ваколатхоналари Вашингтондаги элчихона ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонадан иборат эди.

Маълумотларга кўра, Вашингтон штатида 3 мингдан ортиқ Ўзбекистондан чиққан аҳоли яшайди ва уларнинг катта қисми Сиэтл ҳамда унинг атрофида истиқомат қилади. Шу жиҳатдан янги Бош консулхона минтақа аҳолиси учун консуллик хизматларидан фойдаланиш имкониятини анча енгиллаштиради.

Chat