Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Судьяларнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ҳужжат судьяларнинг ҳуқуқий мақоми, уларга қўйиладиган талаблар ва ижтимоий кафолатларни алоҳида қонун даражасида белгилашни назарда тутади.
Лойиҳада судьяликка номзодлар учун амалдаги 35 ёшлик минимал ёш чегарасини 30 ёшга тушириш таклиф қилинмоқда. Судьяларни лавозимга тайинлаш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Судьяни дастлаб 5 йил муддатга тайинлаш, кейинчалик эса унинг ваколат муддатини чекламасдан лавозимга тайинлаш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, судья, суд раиси ва унинг ўринбосари лавозимига номзодларга қўйиладиган бошқа талабларни кучайтириш ҳам кўзда тутилган.
Қонунчиликда «истеъфодаги судья» институтини жорий этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Бундай судьяларга қонунда белгиланадиган бошқа ҳуқуқлар билан бир қаторда профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятини бериш режалаштирилган.
Лойиҳа судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Ҳужжатда Олий суд ва қуйи судлар аппаратлари ишини янада самарали ташкил этиш, шунингдек, судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид қатор нормалар ҳам назарда тутилган.