Ҳукумат қарори (317-сон, 07.06.2022 й.) билан қуйидагилар бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди:
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги экспертларни аккредитация қилиш бўйича.
Регламентга кўра, ариза берувчи ДХМга бевосита ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон мурожаат қилади.
- Ариза берувчилар олий маълумотга, педагогика, ёшга оид психология ва физиология, болалар психиатрияси соҳаларида билимларга (диплом ёки сертификатга) эга бўлиши керак.
- Сўровнома тўлдирилиб, 7 иш кунида ўрганиб чиқилади.
- Ариза берувчини аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингач, талабгор 1 кун ичида аккредитациядан ўтказилади.
- Эксперт аккредитация қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш бўйича.
Регламентга кўра, ариза берувчи бунинг учун ДХМга бевосита ёки ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилади.
- Сўровнома тўлдирилади ҳамда ваколатли орган (Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) 15 иш кунида ариза берувчини аттестацияга қўйиш ёки қўйилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.
- Ваколатли орган аттестация гуруҳи шаклланишига қараб талабгорларни аттестациядан ўтказади (5–10 та саволдан иборат оғзаки суҳбат).
- Аттестацияда қатнашишдан четлаштирилган талабгор 6 ой давомида кейинги аттестацияларга қўйилмайди.
- Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ҳар 3 йилда аттестациядан ўтади.
Мазкур давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.