Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда алиментни боланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳисоблаш таклиф қилинмоқда

  • 15.09.2026
  • 50 марта ўқилди

Алимент миқдорини ота ёки онанинг расмий даромадига боғлаш ўрнига, боланинг ёши ва унинг зарур эҳтиёжларига мос минимал истеъмол тўплами асосида белгилаш таклиф этилмоқда.


Ўзбекистонда вояга етмаган болалар учун алимент ҳисоблаш тизимини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Таклиф Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттаханова томонидан билдирилди.

Бундай ўзгариш зарурати айрим алимент тўловчиларнинг ҳақиқий даромадини яшириши ёки атайлаб кам маошли ишга расмийлашиши натижасида бола учун ажратиладиган маблағ миқдори камайиб кетиши билан изоҳланмоқда.

Таклифга кўра, ҳар бир ёш тоифаси учун минимал истеъмол тўплами белгиланиб, алимент миқдори боланинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳисобланиши мумкин.

Яъни янги ёндашувда асосий мезон ота ёки онанинг расмий иш ҳақи эмас, балки болани озиқ-овқат, кийим-кечак, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа зарур эҳтиёжлар билан таъминлаш харажатлари бўлиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ айрим вазифаларни Мажбурий ижро бюросидан хусусий секторга ўтказиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

❗️ Муҳим: бу тартиб ҳозирча фақат таклиф сифатида муҳокама қилинмоқда. Алимент ҳисоблашнинг амалдаги қоидалари ўзгаргани йўқ.

Ҳозирги Оила кодексига кўра, келишув бўлмаса, суд алиментни ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромаддан бир бола учун — 1/4, икки бола учун — 1/3, уч ва ундан ортиқ бола учун — 1/2 миқдорида ундириши мумкин. Ҳар бир болага тўланадиган алимент эса меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Ҳуқуқий асослар

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддаси — ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори.

Chat