Ўзбекистонда умумий пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклифи жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Тегишли Президент фармони лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган.
Амалдаги тартибга кўра, умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ёши эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш этиб белгиланган. Лойиҳа билан бу кўрсаткичларни мос равишда 63 ва 58 ёшгача ошириш таклиф этилмоқда.
2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойдан ошириб бориш таклиф қилинмоқда. Шу тартиб сақланса, 2039 йилга келиб пенсия ёши эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёшга етади.
Шу билан бирга, лойиҳада 2027 йил 1 январдан умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирган ҳолда пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиш ҳам назарда тутилган.
Таклиф муаллифлари бу ўзгаришларни аҳолининг умр кўриш давомийлиги ошиб бораётгани ва фуқароларнинг пенсия тизимида иштирок этиш даври билан пенсия тўловларини олиш даври ўртасидаги мувозанатни таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда.
Пенсия ёшини ошириш жараёнида пенсия олди ёшидаги фуқаролар учун қўшимча кафолатлар жорий этиш ҳам таклиф қилинган.
Жумладан, ходимни фақат пенсия олди ёшида экани учун ишдан бўшатиш ёки шу сабабли ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўймаслик режалаштирилмоқда.
Ишсиз деб эътироф этилган фуқароларнинг пенсияга икки йил олдин муддатидан аввал чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолиш, шунингдек, пенсионерларга бериладиган солиқ, транспорт ва тиббий имтиёзларни давом эттириш таклиф қилинган.
Зарарли ва оғир меҳнат шароитида, шу жумладан ер ости ишларида тўлиқ иш куни ишлайдиган 50–55 ёшдаги эркаклар ва 45–50 ёшдаги аёллар учун имтиёзли пенсия ҳуқуқини сақлаб қолиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Яна бир муҳим таклиф: эркакларга 60 ёшдан, аёлларга эса 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш режалаштирилган.
❗️ Муҳим: бу ўзгаришлар ҳали кучга кирмаган. Ҳозирча гап норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 30 сентябргача давом этади.
Пенсия тизимини ислоҳ қилишга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси, жамоатчилик муҳокамаси порталида жойлаштирилган.