Ўзбекистонда пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишга оид Президент фармони лойиҳасида ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлаш тартибини ўзгартириш таклиф этилди. Лойиҳа 2026 йил 30 сентябрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Таклифга кўра, 2027 йил 1 январдан ўзини ўзи банд қилган шахслар пенсия таъминоти ва давлат ижтимоий суғуртаси тизимидан фойдаланиши учун йилига 1 БҲМ — ҳозирги ҳисобда 440 минг сўм ижтимоий солиқ тўлаши шарт бўлади. Бу маблағни бир йўла эмас, йил давомида ойига 36,6 минг сўмдан тўлаб бориш имконияти берилиши режалаштирилган.
Ҳозирги тартибда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлаш ихтиёрий. Тўланган ижтимоий солиқ меҳнат стажини шакллантиришда ҳисобга олинади.
Лойиҳа билан ўзини ўзи банд қилганлар тўлайдиган ижтимоий солиқнинг 10 фоизини Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтириш таклиф қилинмоқда. Шу ҳисобдан белгиланган тартибда ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2027 йилдан меҳнат стажига қўшиб ҳисобланадиган, аммо ижтимоий солиқ ёки Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети ҳисобидан қоплаш таклиф қилинган. Пенсияларни энг кам миқдорга етказиш, устама ва қўшимча тўловларни ҳам бюджетдан молиялаштириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада пенсия олди ёшидаги ходимлар учун қўшимча кафолатлар ҳам бор. 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда мазкур ёш тоифасидаги фуқароларнинг расмий даромади мавжудлиги ҳисобга олинмаслиги таклиф қилинган.
2030 йил 1 январдан корхона ва ташкилотлар учун 12 фоизлик ижтимоий солиқ бўйича амалдаги имтиёзларни бекор қилиш ва янги имтиёзлар жорий этмаслик ҳам таклиф этилмоқда.
❗️ Муҳим: мазкур қоидалар ҳали қабул қилинмаган. Улар Президент фармони лойиҳасидаги таклифлар бўлиб, амалдаги тартиб ҳозирча ўзгармаган.
Пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси порталига жойлаштирилган.