Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда рақамли “Балиқчи картаси” тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

  • 21.09.2026
  • 46 марта ўқилди

Балиқ овлаш чипталарини расмийлаштириш, ов ҳудудларини кўриш, брон қилиш ва QR-рухсатномалардан фойдаланиш имконини берувчи Fisherman ID рақамли тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Ҳозирча тизим ишга тушмаган — уни ишлаб чиқиш бўйича тижорат таклифлари қабул қилинмоқда.


Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси “Балиқчи картаси” (Fisherman ID) рақамли тизимини жорий этиш бўйича техник топшириқ талабларига мос тижорат таклифларини қабул қилишни бошлади.

Лойиҳа доирасида балиқ овлаш билан боғлиқ асосий хизматларни ягона рақамли платформага бирлаштириш режалаштирилган.

Тизим орқали балиқ овлаш чиптасини расмийлаштириш, тўлов қилиш, шахсий кабинетдан фойдаланиш, ов ҳудудларини кўриш ва олдиндан брон қилиш мумкин бўлиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, очиқ балиқ овлаш зоналари реестри, QR-пропуск тизими, ҳамкорлар учун шахсий кабинет, ички маркетплейс, billing ва таҳлил модуллари ҳам назарда тутилган.

Fisherman ID Android ва iOS учун мобил илова кўринишида ишлаши режалаштирилган. Тизим Click, Payme, картографик сервислар ва Telegram Bot API билан интеграция қилиниши керак.

Ишлаб чиқувчи ахборот хавфсизлигини таъминлаш, платформани қўмита серверларига жойлаштириш, комплекс тестдан ўтказиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва фойдаланувчиларни ўқитиш учун ҳам масъул бўлади. Тизим ишга тушгач, 12 ойлик кафолатли техник қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган.

Муҳим: ҳозирча “Балиқчи картаси”дан фойдаланиш мажбурийлиги ёки уни жорий этишнинг аниқ санаси эълон қилинмаган. Айни пайтда тизимни ишлаб чиқиш учун ижрочи танлаш жараёни кетмоқда.

Тижорат таклифлари 2026 йил 23 сентябргача қабул қилинади.

Chat