Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТга Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ташриф буюрди

  • 15.06.2022
  • 739 марта ўқилди

Жорий йилнинг 14 июнь куни “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотида Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жамалеттин Туней билан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун: TIKA 1992 йилда тарихий ва маданий жиҳатдан боғланган Туркий давлатларнинг ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

TIKA Марказий Осиёнинг ривожланаётган давлатларида яшовчи халқлар учун ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.  

TIKA Ўзбекистонда ўз фаолиятини 1994 йилда бошлаган ва шу кунга қадар мамлакатимизда ижтимоий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, санъат ва адабиёт каби соҳалар бўйича 700 га яқин лойиҳаларни амалга оширган.

Учрашув давомида “Мадад” ННТ ижрочи директори Т.Турсунов меҳмонни ташрифи билан самимий қутлаб, 2019 йилда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Муассаса ва унинг ҳудудий бюролари ташкил этилганлиги, бугунги кунда ушбу ташкилот томонидан фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилиб, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга кўмаклашиб келинаётганлигини маълум қилди.

Шунингдек, Т.Турсунов меҳмонга “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали, ундан фойдаланувчилар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ўз навбатида, Агентлик раҳбари Жамалеттин Туней фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган бу янги тизим Туркия давлати учун ҳам янгилик ва қизиқарли эканлигини, ушбу тизим билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида Туркия томонидан мутахассислар Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкинлигини баён қилди.

Учрашув якунлари бўйича, томонлар ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашдилар ва ижтимоий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келгусидаги истиқболли режалар ҳақида келишиб олдилар.

Chat