Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентда автомобилларни жарима майдончасига олиб бориш ва чиқаришнинг янги тартиби жорий этилади

  • 24.09.2026
  • 72 марта ўқилди

Ушланган транспорт воситаларини жарима майдончасига олиб келиш ва у ердан чиқариш жараёни “Жарима майдончаси” электрон модули орқали амалга оширилади. Автомобилни чиқариш учун QR-кодли электрон рухсатнома талаб этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 508-сон қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат 2026 йил 24 декабрдан кучга киради.

Янги тартибга кўра, ваколатли давлат органи автомобилни жарима майдончасига жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилса, маълумот “Жарима майдончаси” модули орқали тегишли давлат органлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга юборилади.

Транспортни бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганда автомобиль жарима майдончасига фақат махсус техника — эвакуатор ёки манипулятор ёрдамида олиб борилади.

Автомобилни ушлаб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейингина уни жарима майдончасидан чиқаришга электрон рухсат берилади.

Рухсатнома маъмурий ишни кўриб чиқувчи органнинг мансабдор шахси томонидан “Жарима майдончаси” модули орқали расмийлаштирилади ва QR-код билан тасдиқланади.

Электрон рухсатнома 1 иш куни ичида ҳайдовчига ҳамда сақлаш хизматини кўрсатувчи юридик шахсга юборилади. Шу билан бирга, ҳайдовчининг телефон рақамига SMS-хабар ҳам жўнатилади.

“Жарима майдончаси” модули орқали расмийлаштирилмаган рухсатнома асосида автомобилни жарима майдончасидан чиқариш тақиқланади.

❗️ Муҳим: мазкур тартиб ҳозирча кучга кирмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 508-сон қарори 2026 йил 24 декабрдан амал қила бошлайди.

Ҳуқуқий асослар

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 508-сон қарори.

Chat